БУХОРО. “Мен – Ўктам Ёдгоров, Бухоро шаҳридан мактуб йўлламоқдаман. 2016 йилдан бери курилиш ишлари билан шуғулланаман. 2018 йил йирик тадбиркор Х. С. ва унинг қариндоши “Ўзбекистон темир йўллари”га қарашли механика заводи бошлиғи Ф. Қ. менга Жиззах вилояти темирйўл идорасига қарашли алоқа биносини таъмирлаб, Жиззах вилояти темирйўл милициясига топширишимни айтишди. Улар менга ушбу объектни қурувчилар тилида айтганда, “субподряд” қилиб берадиган бўлди. “Сен ишни бошлайвер, бир ой ичида шартнома қиламиз”, дейишди. Мен олдиндан таниганим учун уларга ишониб ишни бошладим.
Иш жараёнини Жиззах ва Тошкентдаги мутасадди раҳбарлар текширар ва кўрсатмалар бериб кетарди. Уч ой ишладик, аммо пул ва шартнома беришмади. Бу орада бор маблағимизни сарфлаб бўлдик. Ишни тўхтатиб, бажарилган иш учун пул беришларини талаб қилдим. Х. С. “менинг фирмамда ишлаб тур, маблағ бўлиши билан тўлаб бераман” деди.
Турли объектларда бошлиқ бўлиб ишладим, келишилган ойликни берди, аммо Жиззахда бажарилган ишлар учун пул бермади. Ахийри адвокат ёллаб, президент портали, прокуратура ва ички ишлар идораларига ариза ёздим. Аммо 2019 йил март ойидан буён ёзган шикоятларимдан фойда бўлмади. Қўлимдаги далилларни инобатга олишмаяпти. Фирмамни ёпай десам, аввал қарзларни узиш талаб қилинмоқда. Нима қилишни билмай қолдим. Мутасаддилардан қонуний ҳақимни ундириб беришларини сўрайман”.
(Бу хабар Озодликка 21 август куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|