ХИВА. “Мен – Дилшодбек Давлатов, Хоразм вилояти Хива шаҳри К.Якубов кўчаси 11-уйда яшайман. “Хива универсал савдо комплекси” АЖнинг 500 дан зиёд акциядори номидан мактуб йўлламоқдаман. Жамиятимизга тегишли бўлган ер майдони "давлат ва жамият эҳтиёжи учун" олинди.
Аниқроғи, дўконларимиз 6 ой аввалдан огоҳлантирилмасдан бузилди. Амалдаги тартибга кўра, муқобил равишда ер майдони ва товон пули ажратилиши керак. Аммо ҳокимият ер ажратиш ва товон пули беришдан қочиш мақсадида турли ўйинлар қилмоқда. Аввало, Хива шаҳри ҳокими ўринбосари Қувондиқ Ҳасанов жамиятимизни тугатишга ҳаракат қилмоқда. Хўш, масъул раҳбарнинг ушбу хатти-ҳаракатини қандай тушуниш мумкин?
Ваҳоланки, жамиятимиз шу кунгача фойда билан ишлаган. 500 дан ошиқ акциядор бизга ер ажратилиши ва у ерда замонавий савдо мажмуаси қуришни истаймиз.
Бу масалада Хива шаҳри, Хоразм вилояти ҳокимиятларига мурожаат қилдик. Аммо ҳокимият гўё бизга ер таклиф этган-у, биз рад этганимиз хусусида жавоб бермоқда. Ҳолбуки, биз бировга тегишли савдо мажмуасидан жой эмас, ўзимиз мажмуа қуриш учун ер майдони сўрамоқдамиз.
Президентимиз тадбиркорларга катта эътибор бермоқда. Биз – “Хива универсал савдо комплекси” АЖ акциядорлари ҳам ҳокимиятнинг ноқонуний қарори бекор қилиниши ва жамиятимизга ер майдони ажратилишига умид қилиб қоламиз”.
(Бу хабар Озодликка 9 июль куни келди)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|