Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 5 февралда ҳукуматни тўлиқ таркибда истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Фармонга асосан, бош вазир Алихан Смаиловнинг ўрнига вақтинча Роман Скляр тайинланди.
Скляр ҳукуматнинг янги таркиби тасдиқлангунига қадар бош вазир лавозимида туради. Бошқа вазирлар ҳам вақтинча ишлаб туради.
Алихан Смаилов икки йил олдин содир бўлган Январь воқеаларидан сўнг бош вазир лавозимига тайинланган эди. 5 февралда истеъфога чиқарилган ҳукумат таркиби эса ўтган йилнинг сентябрида шакллантирилганди.
Роман Скляр шу кунгача Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Қозоғистон президенти фармонида ҳукуматнинг истеъфога чиқарилиши сабаблари айтилган эмас.