Словакия бош вазири Роберт Фицо ўзига қарши уюштирилган суиқасд чоғида яраланди. У Гандлова шаҳрида ўтказилган ҳукуматнинг кўчма мажлисидан кейин ўққа тутилган, дея хабар қилди Denník N газетаси. Pravda газетасининг ёзишича, у Братиславадаги касалхонага олиб кетилган, икки шаҳар орасидаги масофа тақрибан 170 километрча келади.
Denník N мухбири воқеа жойига яқин ерда бўлган. У суиқасд онини кўрган эмас, бироқ ўқ овозларини эшитган. Кейин у қўриқчилар бош вазирни кўтариб, машинага солиб, олиб кетишганини кўрган.
59 ёшли бош вазир ўққа нишон бўлишдан аввал уни олқишлаш учун чиққан одамларнинг ёнига борган эди, дейишган воқеа гувоҳлари. Pravda нашри гумонланувчи ўқ отилишидан аввал: “Робо, бу ёққа кел!” деб қичқиргани ҳақида ёзган. Маълумотларга кўра, бош вазирнинг аҳволи оғир, у икки-учта ўқ еган бўлиши мумкин.
Суиқасддан сўнг Словакия парламентининг ялпи мажлиси тўхтатилган. Мухолифатчилар дохил сиёсий партиялар вакиллари ОАВда ярадор бош вазирга қўллов билдиришмоқда.
Фицо ўз партияси парламент сайловида ғолиб чиққани ортидан ўтган йил октябрида бош вазирликка тайинланган эди. Мазкур партия евроскептикча ва миллатчилик позициясига эга бўлиб, сайлов олдидан Украинага ҳарбий ёрдам чекланиши ва миграцион назорат кескин кучайтирилишини ёқлаб чиққан.