Словения Фаластинни мустақил давлат ўлароқ тан олган БМТнинг 147-давлати ва Европа Иттифоқининг 10-мамлакатига айланди. Мамлакат парламентида бу борада уюштирилган овоз бериш жараёнида 53 нафар депутат иштирок этган, улардан 52 нафари Фаластин мустақиллиги тан олинишини ёқлаб овоз берган, бунга қарши эса ҳеч ким овоз берган эмас.
Словения радиоси хабарига кўра, овоз бериш олдидан узундан-узоқ муҳокама ўтказилган. Мухолифатдаги Словения демократик партияси (СДП) Фаластиннинг тан олиниши ҲАМАС террор ташкилотини қўллаш билан баробар эканини билдирган ва бу масала юзасидан маслаҳат референдуми ўтказишни таклиф қилган.
Давлат йиғини СДПнинг бу таклифини рад этган.
Жорий йилнинг 30 май куни Словения ҳукумати Фаластин мустақиллигини тан олган эди. Ўшанда Словения ташқи ишлар вазири Таня Файон: “Мен Словения ҳукумати бу тарихий қадамни қўйганидан хурсандман: исроиллик ва фаластинликлар ўз фарзандларини ўз мамлакатларида тинч, хавфсиз ва фаровон шароитда ўстириш ҳуқуқига эгалар. Фаластиннинг тан олиниши бу икки мамлакат ва халқнинг биргаликда тинч-тотув яшаши учун ягона йўлдир”, дея баёнот берган.
Словения ТИВ Европадаги бошқа мамлакатларни ўзидан ўрнак олишга чақирган. Вазирлик Словения Ғазо секторида ўт очишнинг тўхтатилиши, гаровдагиларнинг озод этилиши ҳамда Фаластин мухториятини қўллаб-қувватлаш учун ислоҳотлар амалга оширилишини талаб қилишини урғулаган.
Исроил раҳбариятининг ғазабнок муносабатига қарамай, ўтган ҳафтада Испания, Норвегия ва Ирландия ҳам Фаластин давлати мустақиллигини расман тан олган эди.
Фаластин давлати мустақиллигига оид масала Исроил билан бир қаторда фаластинлик араблар давлати барпо қилиниши кўзда тутилган “икки халқ учун икки давлат” концепцияси билан боғлиқ. Бу концепция 1967 йилдаги олти кунлик урушдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242-резолюцияси шаклида расмийлаштирилган.
Айни пайтда бу масала юзасидан Исроилда ҳам, Фаластин сиёсий кучлари орасида ҳам ҳеч қачон якдиллик бўлган эмас: исроиллик сиёсатчилар мустақил Фаластин давлати Исроилга мунтазам ҳужумлар учун базага айланишидан хавфсирашади, фаластинлик радикалларнинг кўпи эса яҳудий давлатининг мавжудлик ҳуқуқини ҳам тан олишмайди.