Озодликнинг 19 ноябрь куни эълон қилган мақоласидан бир кун ўтиб, Хива тумани ҳокими "қуюшқондан чиқиб, фермерларни сўкиб қўйгани учун" узр сўради. Озодлик чоп этган аудио ва видеода Озод Матëқубов туман ҳокимлиги биносида ўтказилган йиғилишда камида 7 нафар фермерни турғазиб қўйиб, 20 дақиқа давомида уят сўзлар билан ҳақорат қилгани акс этган эди.
Озодлик мухбири билан қисқа суҳбатда ҳоким Матëқубов “фермерларни тергагани акс этган видео чиққанидан хабари бор”лигини ва бу “воқеа” икки йил олдин бўлганини айтган.
Озодлик мақоласи ортидан Хоразм вилояти ҳокимлиги айни масалани муҳокама қилган ва туман ҳокимининг иш услуби "нотўғри бўлгани"ни аниқлаган.
Озодлик мухбирига тақдим этилган узрномада ҳоким "ўзини бошқаролмай қолгани"ни тан олади, аммо айни пайтда "халқ ва ҳукумат манфаатларида" ҳаракат қилганини урғулайди.
Ҳокимнинг "узр"и жамоатчиликка қай шаклда етказилгани ва унга нисбатан расман бирон чора кўриб-кўрилмагани Озодликка маълум эмас.
Мавзуга алоқадор "Ҳоким оғзига эрк берган эди". Хива тумани ҳокимининг фермерларни сўккан видеоси тарқалдиҚуйида узрнома матни ўзгаришсиз келтирилмоқда:
“Ҳақиқатдан ҳам ютуб каналида тарқалган бу видеотасвир турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.Ушбу видеотасвирдаги гаплар 2018 йил май ойида қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўтказилган йиғилиш пайтида мен томондан айтиб ўтилган. Шу вақтда қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича раҳбарият томонидан белгиланган вазифалар вақтида бажарилмаётганлиги натижасида йиғилишда ўзимни бошқара олмаганлигим, яъни қуюшқондан чиқиб кетганлигимни тан оламан. Айтиб ўтилган гапларим хеч кимни инсоний қадр-қимматини топташ ёки ерга уриш учун айтилмаган, балки туманнинг ривожи, ҳукуматимиз олдидаги мажбуриятларимизни ўз вақтида бажариб, ҳалқимизни эртанги кунги ризқ-насибасини ўйлаган ҳолда туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ғ.Матрасуловга қарата айтилган гаплар эди. Ушбу йиғилиш 2018 йилнинг май ойида бўлиб ўтган. Шу кунги йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор ходимлар иштирок этишган. Йиғилишда чигит экиш ишларида йўл қўйилаётган сусткашликлар муҳокама қилинган. Туман ҳокими ўринбосари Ғ.Матрасулов ўзига юклатилган вазифасига маъсулиятсизлик билан ёндошганлиги, кундалик режа график асосидаги ишлар пайсалга солиб келинганлиги натижасида туман кўрсатгичларига салбий таъсир қилган. Йиғилишда айтиб ўтган гапларимни муҳокама қилган ҳолда шу куннинг ўзида туман ҳокими ўринбосари Ғ.Матрасуловдан кечирим сўраганлигим ҳамда ҳамжихатликда қилинган саъй-ҳаракатларимиз самараси ўлароқ кейинги икки йилда туманнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўрсатгичлари тўлиқ бажарилиб келинмоқда.
Йиғилишда Ғ.Матрасуловга айтган гапларимдан чин дилдан пушаймонман. Бундай салбий ҳолатлар бошқа такрорланмайди.”
Хива туман ҳокими Озод Матëқубов. 20 ноябрь 2020 йил.
Ҳоким нима деб сўккан эди?
Озодлик мухбири кўрган видеода туман ҳокимлиги мажлислар залига ўхшаш бинода 100 дан зиëд қалин кийинган одамлар ўтирибди. Кадрда етти нафар тик туриб, бошини хам қилган одам кўринади. (Тасвир мазмунидан уларнинг фермер экани тушунилади). Зал тўридаги театр саҳнасига ўхшаш саҳнадан дашномли ва ўта баланд овоз келиб турибди. (Кейин аниқланишича, бу Хива тумани ҳокими Озод Матëқубов). Овоз эгаси фермерларни тергайди. Тергаш пайтида ҳоким фермерларнинг онаси ва ўзини уятли сўзлар билан ҳақорат қилади:
“На гап бу? Ким мониторинг қилади буни? Сен нимага ўтирибсан? Неча гектар бўлди эй к...! К...! Қани қолган гектар ҳай? (Русча сўкиниб бошлайди) П... на... Пи.. ! Қани гектар? (Қаттиқ бақиради) Ҳай! Қани гектар дейман. Қани гектар? Ҳай ж...! Қани гектар, опонгни..! Комиссия галажак к....!. Буëққа чиқ. Буëққа чиқ, қани. Қани гектар? Ҳай ж.., тилинг бор бўлса, сўйла. Фалон гектар экишим керак эди. Фалон гектар суғорилди, деб сўйла. Тилингга ...! Айт! Қани гектар? (Бақиради) Ҳай!.. Сани кўтанингни суғураман..! Ипплооос!! Чўчқа. Мол! Жонингни суғуриб ташлайман сен ким бўладиғон бўлсанг ҳам. Сандан сўрайман! Икки папка дўғиллодим. Сани одомларинг нишатип юрибди? Ҳай. Сани одомларинг нишатиб юрибди? Семичка чақиб галип юрибдими? (залдан қандайдир жавоб эшитилади) Зўр иш атипсан!”
Ўзбекистонда ҳокимларнинг мажлисларда ўз қўли остидагиларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиши ва ҳатто дўппослаши, ортидан эса "узр" сўраши кенг тарқалган кўриниш.
Сўконғич ҳокимлар масаласи ҳукумат йиғилишларининг расмий кун тартибига киритилмаган бўлса ҳам, билвосита муҳокама қилинган, аммо ҳозирга қадар бирон амалдор қўл остидагилар ёки оддий фуқарони ҳақоратлагани учун унга расмий чора кўрилмаган.