Қароргоҳи Британияда бўлган Article 19 ҳуқуқбонлик ташкилоти рейтингида Ўзбекистон жаҳондаги 161 та давлат ичида 132-ўринни эгаллади.
Бу мавқе ташкилотнинг 2022 йил якунларига кўра тузилган рейтингига нисбатан бир поғонага юқори бўлишига қарамай, Ўзбекистон 10 балл билан (ўтган йили 11 балл эди) ҳали-ҳамон “сўз эркинлиги инқирозга юз тутган” мамлакатлар қаторида турибди.
Рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон сўз эркинлиги даражаси Қирғизистон (113-ўрин) билан Қозоғистондагидан (120-ўрин) кўра ёмонроқ, Тожикистон (151-ўрин) ва Туркманистондагидан (157-ўрин) кўра эса яхшироқдир.
Рейтингда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият энг яхши бўлган мамлакатлар ўлароқ Дания, Швейцария, Швеция, Бельгия ва Эстония кабилар санаб ўтилган, сўз эркинлиги энг бўғилган мамлакат сифатида эса Шимолий Корея кўрсатилган.
Рейтингни шакллантиришда Интернет ва ОАВдаги цензура, диний эркинлик, академик ва маданий муҳитдаги эркинлик ва бошқалар дохил 25 та индикатордан истифода этилган.
“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан шу йил май ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ўтган бир йил ичида 11 та позицияга ёмонлашиб, 137-ўриндан 148-ўринга тушиб қолгани қайд этилганди.
RSF ҳисоботида мамлакатда давлат радиоси расмий пропаганда билан шуғулланаётгани, хусусий радиостанциялар ёпилиб кетишдан чўчигани учун ҳар қандай танқиддан тийилиб келаётгани, босма нашрлар давлат манфаатларига хизмат қилаётганига эътибор қаратилган.
“Айримларининг таҳририяти хорижда жойлашган 15 чоғли интернет нашргина сифатли контент чоп қилиб келмоқда. Улар сирасига мамлакатда блокировка қилинган Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизмати — “Озодлик” радиоси ҳам киради”, дейилган ҳисоботда нашрларнинг қарийб учдан бир қисми ўз ёйинини рус тилида амалга ошириши қўшимча қилинган.