Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Сарвар Мамадиев раислигидаги маҳкама 22 ноябрь куни жамоатчилик фаоли Қобил Дўсовга нисбатан ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномага кўра, Қобил Дўсов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
“Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, жиноят ишида тўпланган далиллар билан, яъни жабрланувчиларнинг аризаси, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга доир лингвистик экспертизалар хулосалари, ёзувлар скриншоти, Facebook ижтимоий тармоғидаги “Кабул Дусов” номли профилни ва Telegram мессенжеридаги “Kobul Dusov | RASMIY KANAL” номли канални кўздан кечириш баённомаси, судга доир комплекс экспертизалар хулосалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади”, дейилган Олий суд хабарномасида.
Қонунчиликка кўра, озодликни чеклаш сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш чекланиши ва унга қўшимча интернетдан фойдаланмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмасликни назарда тутади.
Шунингдек, Дўсовга нисбатан ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриш ҳамда маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқлар юкланиши ҳам белгиланган.
“Мени бошқа нарса ўйлантиради. Қонунлар икки хил стандартдалиги. Мисол учун, биронта вазир, ҳоким оддий халқни сўкса, улар судда 450 минг жарима билан қутилиб кетади. Оддий қора халқ агар бирон бир амалдорни айбини бўйнига қўйиб сўкса, жазони максимал қўллайди, нега?” дея савол ташлади 40 ёшли фаол Қобил Дўсов Озодлик билан суҳбатда.
Суд мажлисидан сўнг ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида чиқиш қилган Дўсов: “Мен бир ўзим 1 миллионли тизимга қарши икки марта жиддий курашдим ва бу билан Ўзбекистонда икки таълим вазири билан курашган сиёсатчи сифатида тарихда қоладиган бўлдим”, деб ёзди.