Собиқ депутат Қобул Дўсовнинг жазо муддати узайтирилди

Қобул Дўсов.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Арнасой тумани суди 24 февраль куни жамоатчилик фаоли ва собиқ депутат Қобул Дўсовни 1 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Суд ҳукмига мувофиқ, Дўсов жазони манзил-колонияда ўтайдиган бўлди.

Жиноят иши материалларига кўра, Қобул Дўсов Жиззах вилоятида истиқомат қилган 5 нафар шахсга туҳмат қилиш ва уларни ҳақоратлашда айбланган.

Суд мажлисларида Қобул Дўсов учта эпизод бўйича оқланган ва икки эпизодда 4 кишини ҳақорат қилишда айбдор деб топилган. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а” банди ва 140-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси, 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Аввалроқ давлат айбловчиси Дўсовни 3 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Суд котибига кўра, Қобул Дўсов Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди томонидан белгиланган бир йиллик озодликни чеклаш қоидаларини бузиб, шу йилнинг 25 январида манзил колонияга юборилганди.