Собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов ўз партиясини рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигига борди

Жаҳонгир Отажонов

Аввалроқ президентликка номзодини қўйиш истагини билдирган собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов 26 январь куни ўз сафдошлари ҳамроҳлигида “Халқ манфаатлари” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлиги биносига борган. Бу ҳақда Ж. Отажонов Инстаграмдаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, янги партия ташаббускорлари Адлия вазирлиги томонидан қабул қилинган ва ташрифчиларга партия тузиш учун уни камида 20 минг одам қўллаб-қувватлаб, имзолаши кераклиги тушунтирилган. Вазирлик вакиллари ташаббускорлар мурожаати ўрганиб чиқилиши ва бу ҳақда жамоатчиликка алоҳида маълумот тақдим этилишини билдирганлар.

Аввалроқ собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов жорий йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйиши ва бунинг учун керак бўлса, партия ҳам тузишини маълум қилганди.

Очиқдан-очиқ айтаман, менинг ҳам президент бўлиш ниятим бор ва албатта бўламан, деб умид қиламан. Президент бўламан ва Ўзбекистонни ривожлантираман. Халқнинг гуллаб-яшнаб яшашига эришаман. Албатта, мен бу гапим билан ҳозирги кундаги давлат раҳбарига ҳеч қандай “претензия” қилаётганим йўқ ва бунга ҳаққим ҳам йўқ. Улар ҳам қўлдан келганча ҳаракат қиляпти”, деганди Ж. Отажонов.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, президент лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, президентликка номзод Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бирор партия томонидан кўрсатилиши лозим.

Ўзбекистонда бу йил ўтказилажак президент сайловини декабрдан октябрь ойига кўчириш масаласи депутатлар томонидан муҳокама қилинаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.