Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга оид иш жорий йилнинг 15 августидан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўрила бошлайди. Бу ҳақда қатор маҳаллий нашрлар Ўзбекистон Олий судидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди.
Қайд этилишича, собиқ вазирга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тўртта моддаси – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (167-модда 3-қисми “а” ва “в” бандлари), ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда 2-қисми “а” банди), ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (206-модда 2-қисмининг “а” банди) ҳамда мансаб сохтакорлиги (209-модда 2-қисмининг “а” банди) бўйича айблов эълон қилинган.
Азиз Воитов ўтган йил декабрида ҳибсга олинган эди. У ҳибсга олинишидан икки ой олдин (2023 йил октябрида) қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилган. Воитовнинг ишдан бўшатилиши сабаби ўша пайтда расман очиқланган эмас.
44 ёшли Азиз Воитов Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ҳукуматнинг коррупцияда айбланиб қамоққа олинган энг юқори мартабали мулозимидир.
Воитов 2020 йилнинг мартидан 2022 йил августигача ўша пайтда бош вазир ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил августидан 2023 йил октябригача қишлоқ хўжалик вазири бўлган.
Сардор Умурзоқов президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилганидан сўнг Воитов ҳам ишдан олинганди.