Москва мэри Сергей Собянин реновация дастури бўйича турар-жой бинолари қурилишида ишлаётган хорижлик ишчиларни “бошқа сифатдаги одамлар” билан алмаштиришга чақирди. Бу ҳақда давлатга қарашли “Москва” шаҳар янгиликлари агентлиги хабар қилган.
Собянин мигрантлар ўрнига Россия минтақаларидан кўпроқ одам ёллашни таклиф қилган. Бироқ, статистикага кўра, ишчи кучи танқислиги бутун Россияда кузатилмоқда.
“Бошқа сифатларга эга одамлар керак, иш ҳақлари ҳам шунга яраша бўлсин, мигрантларни камайтиринглар, улар шусиз ҳам кўпайиб кетди”, дея Москва мэридан иқтибос келтирган агентлик. Собянин бу гапни шаҳар марказидаги янги уй-жой қурилишини кўздан кечириш чоғида айтган.
Қурилиш пудратчиси яхши малакага эга ишчилар 120-150 минг рубль ойлик олишаётганини айтганида мэр “бу москваликлар оладиган иш ҳақи, мигрантлар бунча олмайди”, деб жавоб берган.
1 ноябрь куни Москва мэрининг шаҳарсозлик ва қурилиш бўйича ўринбосари Андрей Бочкарёв РБК нашрига берган интервьюсида шаҳар маъмурияти қурилиш соҳасида мигрантлар меҳнатидан воз кечишни режалаётганини маълум қилган.
Айни пайтда у пандемия даврида мигрантлар сони 80 мингга камайиб кетганидан сўнг қурилиш объектларида ишчи кучи сезиларли даражада танқислашганини тан олган. Сентябрь ойида Собяниннинг яна бир ўринбосари Владимир Ефремов шаҳарга 200 минг ишчи етишмаётганини билдирган эди.
Август ойида бутун Россия бўйича қурилиш соҳасида 3 миллион ишчига эҳтиёж борлиги эълон қилинган. “Известия” газетаси Россиядаги қурилишлар ишчи кучи учун нафақат бир-бири билан, балки Ўзбекистон ёки Қозоғистондаги қурилиш объектлари билан ҳам рақобатлашаётганини хабар қилган.
Ишчи кучи танқислиги манзарасида Россия расмийлари қурилиш ишларига маҳкумларни жалб этишни таклиф қилган.