Россия Мудофаа вазирлиги ўтган тунда ҳавога қарши мудофаа тизимлари Москва, Брянск, Белгород, Калуга ва Курск вилоятлари узра Украинанинг 45 та дрони уриб туширилганини билдирди.
“11 та УУА (учувчисиз учадиган аппарат -таҳр.) Москва вилояти ҳудудида йўқ қилинди, яна 23 та УУА Брянск вилояти узра, 6 та УУА Белгород вилояти ҳудуди узра, 3 та УУА Калуга вилояти ва 2 та УУА Курск вилояти осмонида йўқ қилинди”, дейилган вазирлик баёнотида.
Москва мэри Сергей Собянин ҳам ўтган тунда Россия пойтахтига дронлар билан ҳужум қилиш бўйича “энг кўламли уринишлардан бири” кузатилгани ҳақида маълум қилди. Мэр маълумотига кўра, 21 августга ўтар кечаси умумий ҳисобда 10 та дрон шаҳарга яқинлашаётган пайтда уриб туширилган.
Собянин қайдича, ҳужум чоғида жабр кўрганлар ёки вайронгарликлар ҳақида маълумот йўқ. Бунгача Москва мэри Подольскда уриб туширилган ҳамда пойтахт томонга келаётган дронлар ҳақида маълум қилган эди.
Подольск шаҳар округи Москва вилоятининг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, унинг шимолий қисми Москва шаҳри билан чегарадош. Подольск шаҳри Москва айланма автойўлидан тақрибан 10 километр нарида жойлашган.
Москвага қаратилган дрон ҳужуми қайтарилгани ҳақида Собянин сўнгги бор 11 июль куни маълум қилганди. Ўшанда дрон Москва вилоятининг Ступино шаҳри ҳудудида уриб туширилгани айтилган.
Ўтган йил ёзида Украина дронлари бир неча брр Москва шаҳрига ҳужум қилган. Ўшанда Москва-Ситидаги бинолардан бирининг олд қисми шикастлангани хабар қилинган.