Сочи ва Қозонда аэропортлар фаолияти тўхтатилди

Сочи аэропорти (архив сурати)

Сочи ва Қозон аэропортлари вақтинчалик учоқларни қабул қилмаяпти ва йўлламаяпти. Чекловлар “йўловчи учоқлари парвозларини хавфсизлигини таъминлаш” мақсадида киритилган, дея билдирилган Росавиация томонидан 27 декабрь тонгида тарқатилган хабарномада. Росавиация вакиллари бунга оид бошқа тафсилотларни келтиришмаган.

Baza телеграм-каналининг ёзишича, парвозлар дрон ҳужумлари хавфи туфайли тўхтатилган.

Қозон аэропорти 25 декабрь куни ҳам фаолиятини тўхтатган. Ўшанда Россия расмийлари Украинага тегишли 59 та дрон йўқ қилингани ҳақида билдиришган эди.

Ўтган тунда Волгоград ва Астрахань аэропортларида ҳам ҳаво ҳудудидан фойдаланишга чеклов киритилган эди. Ҳозирда бу чеклов бекор қилинган.

Россия Мудофаа вазирлиги 27 декабрга ўтар кечаси ҳаводан мудофаа кучлари Брянск, Курск, Белгород, Тула ва Астрахань вилоятлари ҳудудларида Украинанинг 13 та дронини уриб туширганини маълум қилган.

Курск вилояти ҳукумати маълумотларига кўра, вилоят ҳудудида ракета ҳам уриб туширилган.