Содиқ Сафоев: Биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитликни тиклашдаги ютуқларидан мамнунмиз

Содиқ Сафоев.

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Озарбайжоннинг Report ахборот агентлигига берган интервьюсида Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитликни тиклашдаги ютуқларини олқишлади.

«Биз Озарбайжоннинг барча жабҳалардаги, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш йўналишидаги ютуқларидан мамнунмиз. Биз барча қийинчиликларга қарамай Озарбайжон ҳукумати ва халқининг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилиш йўлида олиб бораётган адолатли курашини қўллаб-қувватлаймиз ва қатъиятини олқишлаймиз”, - деган Сафоев.

Агентликнинг билдиришича, Сафоевдан интервью Нью-Йоркда олинган. У бу ерга Ўзбекистон делегацияси таркибида БМТ Бош Ассамблеясининг 78- сесиясида иштирок этиш учун келган.

Сафоев Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик “мисли кўрилмаган даражага етганини”, ўтган йили президент Илҳом Алиев уч марта Тошкентга келганини таъкидлади. Расмий президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга август ойида қилган сафари доирасида Қорабоғдаги Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб ишга туширилганини ҳам эслатиб ўтди.

Бундан аввал Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тоғли Қорабоғда ўтказилган президент сайловларини тан олмаслигини билдирган эди.

"Ўзбекистон Республикаси дўст Озарбайжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралайди ва 2023 йил 9 сентябрь куни Қорабоғда ўтказилган қўштирноқ ичидаги президент сайловларини тан олмайди", дейилади вазирлик расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.

Мазкур сайловни Европа Иттифоқи ҳам тан олмаган эди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўқ отишни тўхтатганини билдирди. Бу маълумотни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги тасдиқлади.

19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.

20 сентябрда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, кейин Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилгани билдирилди. Суҳбат чоғида Алиев Озарбайжон шартлари бажарилса, Қорабоғдаги “аксилтеррор амалиёт тўхтатилиши”ни айтган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўқ отишни тўхтатганини билдирди. Улар Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди. Жумладан, қуролланган арман гуруҳлари тарқатиб юборилади. 21 сентябрдан эса Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида Озарбайжон ҳукумати вакиллари билан Қорабоғнинг арман жамоасини интеграциялашуви юзасидан музокаралар бошланади. Бу эса келажакда Тоғли Қорабоғнинг барча ҳудуди Баку назоратига ўтишини англатиши мумкин.

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтарди.