Ўзбекистоннинг БРИКСга аъзолиги мамлакат сиёсий кун тартибига қўйилган эмас. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 26 октябрь куни Тошкентдаги халқаро анжуманда гапирган.
“Ҳозирча бу ҳақда гап-сўз йўқ, ягона валюта ҳақида ҳам гапиришга эрта”, дея иқтибос келтирган Сенат раисининг биринчи муовинининг сўзларидан Kun.uz нашри.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати қандай бўлиши хусусидаги саволга жавоб қайтарган Сафоев расмий Тошкент дунёга очиқлигини қайд этган.
Маълумот ўрнида, жорий йил 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммити якунида Беларусь, Туркия, Қозоғистон каби мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам мазкур тузилмада шерик-давлат мақоми берилган.
Таҳлилчиларга кўра, Кремль олий мартабали меҳмонлар сони кўп бўлган Қозон саммити орқали Ғарбга жаҳон саҳнасида ёлғиз қолмаганини кўрсатишга уринган.
2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой БРИК номли ташкилотга бирлашди. 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси қўшилиши билан ташкилот БРИКСга айланди.
Ушбу тузилма дунёнинг ривожланаётган мамлакатларини бирлаштириш орқали Шимолий Америка ва Ғарбий Европанинг сиёсий, иқтисодий қудратига қарши муқобил куч яратишни мақсад қилган.
Кенгайган БРИКС 3,5 миллиардга яқин нуфусга эга. Бу дунё аҳолисининг 45 фоизи демакдир. БРИКС давлатларининг умумий иқтисодиёти 28,5 триллион доллардан ортиқ бўлиб, бу жаҳон иқтисодиётининг қарийб 28 фоизига тенг.