Бу ҳақда Қирғизистон парламентининг Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Абдивахап Нурбаев маълум қилди. Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистондаги анклавларда Ўзбекистондан, қарийб, узилган ҳолда яшаётган аҳолига йўл очиш зарурлигини тилга олган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мураккаб баҳсли ҳудудлар масаласи келажакда ҳал этилади
Қирғизистон парламентининг Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Абдувахап Нурбаев 13 ноябрь куни Озод Европа –Озодлик радиосига берган интервьюсида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Қирғизистондаги Ўзбекистон анклавларига йўл очиш тўғрисидаги баёнотига муносабат билдирар экан, мана буларни айтди:
- Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаралар тўғрисидаги шартномани парламентда муҳокама қилиш жараёнида, депутатлар ҳукумат вакилларига Ўзбекистоннинг анклавларига коридор бериш масаласи юзасидан ҳам саволлар беришди. Ҳукумат бизга “анклавларга йўлак бериш масаласи кун тартибида йўқ”, деб жавоб берди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 85 фоиз чегаралар аниқлангани тўғрисидаги давлатлараро шартномада Кампиробод сув омбори ва Унгартоғ каби мураккаб баҳсли ҳудудлар тилга олинмаган. Бу каби баҳсли ва мураккаб ҳудудлар масаласини кўриб чиқиш кейинги йилларга қолдирилган, -деди Абдувахап Нурбаев.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларнинг 85 фоизи аниқлангани тўғрисидаги оралиқ битим 5 сентябрда президент Шавкат Мирзиёев Бишкекка давлат ташрифи билан келган пайтда имзоланган эди. Шартномага асосан икки давлат ўртасидаги 1378 километр чегаранинг 1170 километри аниқлаб бўлинган ҳисобланади.
Сўхга йўлак берилса, Боткен анклавга айланиб қолади
Қирғизистон ичкарисида Ўзбекистоннинг 70 мингга яқин аҳоли яшайдиган Сўх ва 10 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Шоҳимардон каби катта, шунингдек, Чўнгара ва Тоштепа каби кичик анклавлари мавжуд. Ўзбекистон ҳукумати мазкур ҳудудларга йўлак очиб бериш масаласини бир неча йиллардан бери кўтариб келаётганини қирғиз ҳукумати аввалари маълум қилган эди.
Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистоннинг бу илтимосига рад жавобини бериб келган. Негаки, ўзбек анклавларига йўлак бериладиган бўлса, Қирғизистонинг Боткен вилояти анклавга айланиб қолиши мумкин.
Абдулазиз Комилов нима деган эди?
Қирғизистондаги Ўзбекистон анклавларига йўл очиб бериш масаласи Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари Марказий Осиёда ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган халқаро анжуман сўнггида журналистлар саволларига жавоб берган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов томонидан яна бир бор кўтарилган эди.
“...Қирғизистоннинг ичкарисида кичик-кичик анклавлар бор ва у ерда ўзбек аҳолиси яшайди. Хўш, нима қилиш керак? Тўғридан тўғри йўл йўқ, ё йўл очишимиз керак, ё ўзаро келушувга бориш керак. Уларнинг манфаатларини Ўзбекистон ҳимоя қилиши лозим... Бу ҳужжатларни кичик гуруҳ имзолаётгани йўқ. Биринчидан, ҳукумат иштироки бор. Иккинчидан, бу ҳужжат парламентдан ратификациядан ўтади. Учинчидан, ҳужжат БМТга топширилади. БМТ эса шубҳа уйғонмаслигига кафолат беради. Ҳаёт мураккаб, буёғини кўрамиз...”, деган Qalampir.uz сайти саволига жавоб берган Абдулазиз Комилов.
Қирғизистон ҳукумати Абдулазиз Комиловнинг бу баёнотига ҳозирча расман муносабат билдиргани йўқ.