Ўзбекистон мусулмонлар идораси халқ орасида “Солихон домла” номи билан танилган Тошкент вилояти Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди имом ноиби Солихон Ортиқхўжаев ишдан олинганини 22 январь куни расман тасдиқлади.
Бу борадаги билдирувда таъкидланишича, Солихон Ортиқхўжаев билан меҳнат шартномаси 20 январь куни Меҳнат кодексининг 100-моддаси асосида бекор қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Солихон Ортиқхўжаев “аксарият вақтини турли ҳудудларда истиқомат қилувчи мухлислари таклиф этган тўй-маросимларга сарфлаб, иккинчи томондан, яшаш манзили узоқда эканини сабаб қилиб, бириктирилган масжидда тўлақонли ишламагани”ни билдирган.
Бундан ташқари у “Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меҳнат тартиби, буйруқлари, шунингдек, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва меҳнат мажбуриятларида ахборот тарқатиш, маъруза қилиш масалаларида юқорида қайд этилган талабларга риоя эта олмади”.
Жамоатчилик орасида Солихон Ортиқхўжаевнинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларни камситгани эътирозларга сабаб бўлган эди.