Солиқ имтиёзи бекор бўлиши ортидан харидоргир АИ-80 бензини қимматлади

Иллюстратив сурат

2024 йилнинг 1 январидан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти тасарруфидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензини нархи бирданига 750 сўмга қимматлади. Айни пайтда 6050 сўмлик харидоргир бензин 6800 сўмдан сотилмоқда.

Хусусий АЁҚШларда эса бу русумдаги бензин баҳоси 8000 сўмдан ҳам ошиб кетган. “Kun.uz” нашри хабарига кўра, Энергетика вазирлиги хусусий шохобчалардаги нархни 8000 сўмдан оширмаслик бўйича ҳуқуқий механизм жорий этиш юзасидан ҳукуматга таклиф киритган.

“Ўзбекнефтгаз” ширкати АИ-80 бензини нархи ошганини 2023 йил 31 декабрига қадар амалда бўлган акциз солиғи имтиёзи якунига етгани билан изоҳлаган.

Гап шундаки, 2022 йил қишидаги аномал совуқ натижасида газ тўлдириш шохобчалари фаолиятига чеклов ўрнатилгач, Ўзбекистон ҳукумати АИ-80 русумли бензин учун акциз солиғига “ноль” қиймат жорий этган эди. Шу тариқа 2022 йил 13 декабридан эътиборан аввалига 2023 йил 1 мартигача, сўнгра 2023 йил 31 декабригача импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 бензини учун истисно тариқасида “ноль” қийматда акциз солиғи қўлланган.

Иқтисодий таҳлилчиларга кўра, йил бошида бошқа юқори октанли бензин нархларида ҳам ўсиш кузатилмоқда.