Марказий банк ва Солиқ қўмитаси шубҳали p2p ўтказмалари (картадан картага ўтказмалар) бўйича маълумотлар алмашинувини бошлаши мумкин, дея хабар қилди “Газета.uz”.
Нашр бу хулосага мамлакат президентининг ҳали жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилмаган “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ўрганиб чиқиш асносида келган.
Қарор лойиҳасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг товарлар ва хизматлар учун картадан картага тўловларини “тартибга солиш” мақсадида Марказий банк ва Солиқ қўмитасига икки ой муддатда, агар маълум чегарадан ошиб кетса, шу турдаги операциялар бўйича ўзаро маълумот алмашиш тўғрисида меморандум имзолаш таклиф қилиняпти.
Нашр жисмоний шахслар учун лимит йилига 100 миллион сўм, тадбиркорлар учун эса йилига 500 миллион сўм қилиб белгиланиши мумкинлигига эътибор қаратган.
“Хавфсиз каналлар орқали ўзаро маълумотлар базалари билан интеграциялашган тизимни 10 июлгача яратиш режалаштирилган. У маълумотни қайта ишлаши ва хавфларни аниқлаши керак”, дейилган хабарда.
Ўзбекистонда картадан картага ўтказиладиган пулларни текшириш ваколатини олишга уриниш аввал ҳам кузатилган эди. Хусусан, Солиқ қўмитаси томонидан 2020 йил апрелида таклиф қилган қарор лойиҳасида жисмоний шахсларнинг барча карталарига 30 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушса ва p2p транзакциялари сони 10 тадан ошса, банклар бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилиши тартибини жорий этиш кўзда тутилган эди.