Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари томонидан тузилган ишчи гуруҳ Боткен вилоятининг Қадамжой туманида “Шимолий Сўх” табиий газни сақлаш тизимини қайта тиклаш юзасидан биринчи учрашувини ўтказди. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” маълум қилди.
10 апрель куни ўтган учрашувда ҳар икки давлат Энергетика вазирликлари мутахассислари газни сақлаш тизимни қайта тиклаш лойиҳаси юзасидан “йўл харитаси”ни муҳокама қилган.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ табиий газни сақлаш бўйича ер ости тизимининг ҳажми 2,5-3 миллиард кубометр эканини айтган эди. Вазирга кўра, бу газдан 1,3 миллиард кубометри ишлатилади, қолгани эса захирада сақланади. Бунинг оқибатида Ўзбекистон қиш мавсумида Фарғона водийсига 13 кунига 13 миллион кубометр газ етказиб бериш имкониятига эга бўлади.
Bright Uzbekistan нашрининг ёзишича, “Шимолий Сўх” ерости газ омбори 1976 йилда қурилган. Кейинчалик мазкур омбор икки давлат ўртасидаги баҳсли ҳудудлардан бирига айланди. Ер ости газ омборининг асосий қисми Қирғизистон ҳудудида, компрессорлар эса Ўзбекистонда жойлашган.
Февралда Андижон вилоятига борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон билан ҳамкорликда “Шимолий Сўх” газ сақлаш тизимини қайта тиклаш бўйича музокаралар ўтказилишини айтган эди.
Қирғизистон Энергетика вазирлиги ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.
Қирғиз парламенти 2011 йилда “Ўзбекнефтегаз” томонидан фойдаланилиб келинган “Шимолий Сўх” газ омборини, “Шимолий Сўх” ва “Чўнг Қарақалча” газ-нефть конларини Қирғизистон тасарруфига олиш тўғрисида қарор чиқарганди. Бу конлар 1955 йилда очилган ва СССР ҳукумати қарори билан Ўзбекистон томонидан ўзлаштирилганди.
Қирғизистон ҳукуматининг қарори билан 2022 йилда “Шимолий Сўх” газ-нефть конлари, газ омборлари ва бошқа жиҳозлар “Қирғизнефтгаз” миллий ширкати тасарруфига ўтказилган.