Kloop.kg, «Власть», Temirov LIVE. Коррупция ва уюшган жиноятчилик бўйича суриштирув маркази (OCCRP) эълон қилган янги суриштурувда Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов Марказий Осиёда коррупциявий йўллар билан ўз савдо империясини қурган уйғур тадбиркори Ҳабибулла Абдуқодирга қуда бўлгани ҳақида маълум қилинди.
Суриштирув муаллифларига кўра, 2021 йилда Матраимовнинг ўғли Абдуқодирнинг қизига уйланган. Суриштирувда бу тўйда олинган фотосуратлар илова сифатида келтирилган.
«Матраимов, ўзаро манфаатли ҳамкорлик мавжудлиги тўғрисидаги қатор журналистик суриштирувларга қарамай, Абдуқодир оиласига алоқадор эканини инкор этиб келган. Лекин журналистлар яқинда қўлга киритган кадрлардан кўриниб турибдики, энди уларни фақат пул эмас, балки оилавий ришталар ҳам боғлаб турибди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда тўй маросимида шахсан Ҳабибулла Абдуқодир, Райимбек Матраимовнинг хотини Уулкан Турғунова ва таҳминан Райимбекнинг акаси – парламент депутати Искандар Матраимов иштирок этгани кўриниб турибди. Абдуқодир ва Матраимовлар оиласининг таниқли аъзолари биргаликда тушган фотосуратлар бунга қадар эълон қилинмаган эди», дейилади суриштирувда.
Муаллифларнинг билдиришича, Райимбек Матраимов ҳам, Ҳабибулла Абдуқодир ҳам журналистларнинг саволларига жавоб бермаган.
2019 йилда Озодлик радиоси қирғиз хизмати OCCRP ва Kloop.kg билан ҳамкорликда Райим Матраимов ва Ҳабибулла Абдуқодир коррупциявий йўллар билан Қирғизистондан юз милллионлаган долларларни олиб чиқиб кетганига оид журналистик суриштурувни жамоатчиликка тақдим этган эди.
Журналистлар суриштирувни давом эттиргани ортидан Абдуқодир Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам аралашаётгани ва бу ҳолат коррупция маҳсули бўлиши эҳтимоли тўғрисидаги кенг қамровли мақолалар пайдо бўлган. Жумладан, Озодлик радиоси 2023 йилнинг 27 апрелида “Мирзиёевларнинг соядаги инвестори” деган махсус журналистик суриштирувни эълон қилган эди.