"Пахтакор" футбол клуби бош мураббийи ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хабар клубдаги "футболчилар руҳиятига таъсир қиляпти". Бу сўзлар Озодлик билан боғланган "Пахтакор" футбол клуби матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров томонидан янгради.
Озодлик 7 январь куни Ўзбекистон Футбол Федерацияси (ЎФФ) президенти Мираброр Усмонов мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаянга "Пахтакор" клубига ҳам расман бош мураббийлик қилишга рухсат бергани ҳақида хабар қилганди.
Хабарда, шунингдек, Самвел Бабаян ўзи кўп йиллар ишлаган "Пахтакор"да мажлис ўтказгани ва унинг яна клубга қайтиши мумкинлиги билдирилди.
Нодир Абдуқодировнинг айтишича, "Пахтакор" жорий бош мураббийи Григорий Колосовский унга телефон қилиб, мазкур хабар "футболчилар руҳиятига таъсир қиляпти" деб айтган.
Озодлик хабарини "асоссиз", дея баҳолаш баробарида "Пахтакор" футбол клуби матбуот хизмати раҳбари унга раддия берилмаслигини маълум қилди.
Нодир Абдуқодиров билан суҳбат
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Нодир Абдуқодиров: Мен сизга айтмоқчи бўлган маълумот, Самвел Бабаян 2017 йилда "Пахтакор" футбол клуби бош мураббийи бўлади, деган хабарлар асоссиз. Ҳозирга келиб "Пахтакор" клуби бош мураббийи - Григорий Анатольевич Колосовский.
Озодлик: Биз ёзган мақолада "Пахтакор"да уюштирилган ўша кунги мажлисда Бабаян қатнашганми ёки йўқ?
Нодир Абдуқодиров: "Пахтакор" футбол клуби мажлисида ким қатнашганлиги ҳақидаги маълумотни мен сизга айта олмайман. Бу - клубнинг ички сири.
Озодлик: Бабаян терма жамоа бош мураббийи бўла туриб "Пахтакор" футбол клубининг мажлисида қатнашишга ҳаққи бор деб ўйлайсизми?
Нодир Абдуқодиров: Мен сизга айтаяпман, "Пахтакор" футбол клуби мажлисида кимлар қатнашишини "Пахтакор" футбол клуби раҳбарияти ҳал қилади. Лекин, бу дегани ўша куни терма жамоа бош мураббийи клуб мажлисида қатнашди, дегани эмас. Бу маълумот - клубнинг ички сири. Клуб мажлисида клубни ривожлантириш дастури... Мен сизга айтаётганим, клуб мажлисида қатнашган инсонлар рўйхати - бу клубнинг ички сири.
Озодлик: Бабаян клуб мажлисида қатнашдими ёки йўқ? Савол оддий...
Нодир Абдуқодиров: Мен жавоб бердимку саволингизга.
Озодлик: "Пахтакор" тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимияти хомийлигига ўтгани ҳақидаги хабар тўғрими ёки йўқ?
Нодир Абдуқодиров: "Пахтакор" футбол клубида ўзгариш бўладиган бўлса, биз расмий равишда клубимиз сайтида эълон қиламиз.
Озодлик: Демак, бу хабарни инкорам этмаяпсиз, тасдиқламаяпсизам...
Нодир Абдуқодиров: "Пахтакор" футбол клубида ҳозир ҳеч қанақа ўзгариш йўқ.
Озодлик: Ишбилармон Ботир Раҳимов ёки бошқа бошқа шахслар ва ширкатлар клуб хомийлигидан ташқарида қолаяпти, деган гапларда асос бор деб ўйлайсизми?
Нодир Абдуқодиров: Бу маълумотга мен ҳеч қанақа янги хабар бера олмайман.
Озодлик: Агар клубнинг моддий таъминоти ёмонлашса, клуб етакчи футболчиларини сотишга тайёрми?
Нодир Абдуқодиров: Клуб ҳозир яхши аҳволда. 2017 йилги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда.
Озодлик: Колосовскийнинг мураббийлигидан клуб раҳбарияти мамнунми?
Нодир Абдуқодиров: Григорий Анатольевич Колосовский ҳозир "Пахтакор" футбол жамоаси бош мураббийи. Клуб раҳбарияти 2017 йил мавсумида ҳали мураббийларнинг 2016 йил натижаларини кўриб чиқмаган. Расмий маълумотлар бўладиган бўлса, ундан кейин сизлар билан боғланиб айтишим мумкин.
Озодлик: Клуб раҳбарияти Бабаяннинг клубга бош мураббий бўлиб қайтишига қаршими?
Нодир Абдуқодиров: Бу ҳақда умуман маълумот йўқ ҳеч қанақа. Самвел Бабаян ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийидир.
Озодлик: Нега унда Бабаян Мираброр Усмоновдан "Пахтакор" футбол жамоасига ҳам бош мураббий бўлиб ишлашга розилик олди, деган хабаримизни инкор қилишга уринаяпсиз?
Нодир Абдуқодиров: Инкор қилмаяпман. Бизни бу хабар... Мен сизга айтмоқчиманки, бизнинг бош мураббийимиз - Григорий Анатольевич Колосовский. Бу хабар матбуотда пайдо бўлганидан кейин, бизга мурожаат қилиб: "Бу маълумот қаердан пайдо бўлди, нимага бунақа маълумот пайдо бўлди" (деб сўради). Бу маълумот ҳозир мавсумга тайёргарлик кўраётган ўйинчилар билан бош мураббий ўртасида қанақадир тушунмовчиликлар келтириб чиқаришини олдини олиш учун бизга муроажаат қилди. Биз сиз билан боғландик.
Озодлик: Яъни бизнинг хабаримизни инкор этмайсиз...
Нодир Абдуқодиров: Йўқ, ҳали бўлмаган нарсани қанақа қилиб розилик ёки... Расмий равишда ҳеч қанақа маълумот бўлмаса...
Озодлик: Биз расман Бабаяннинг бош мураббий бўлиши эълон қилинди, деб айтганимиз йўқ.
Нодир Абдуқодиров: Шу нарса бизнинг бош мураббийни, футболчиларни руҳиятига таъсир қилаяпти.
Озодлик: Терма жамоа бош мураббийи Бабаян нега Пахтакор футбол клуби мажлисларида қатнашаяпти?
Нодир Абуқодиров: Терма жамоа бош мураббийи "Пахтакор" мажлисларида иштирок этмайди.
Озодлик: Иштирок этмадими ўша кунги мажлисда аниқ?
Нодир Абдуқодиров: Терма жамоа бош мураббийи Бабаян "Пахтакор" клуби мажлисларида иштирок этмайди.
Озодлик: Ўша куни эштирок этдими?
Нодир Абдуқодиров: Ўша кунги мажлис ҳақида айтаяпманку, бу - клубнинг ички сири.