Ўзбекистон "Спутник V"вакцинасини рўйхатдан ўтказмоқда. Уни ким ва қачон олиб келиши очиқланмаяпти

Қозоғистонга етказилган “Спутник V” вакцинаси қутиларда - февраль, 2021

Республика Махсус комиссияси Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш ва ишлаб чиқаришни бошлашга рухсат берди.

Бу ҳақда 10 февраль куни, президент Ш. Мирзиёев махсус йиғилиш ўтказиб, аҳолини эмлаш жараёнини бошлашга топшириқ берганидан бир кун ўтиб маълум қилинди.

Озодлик 10 февраль куни вакциналар билан боғлиқ вазиятни ўрганган ва Озодликка гапирган расмийлар ҳамда фармацевтик компаниялар, Россия вакцинасини Ўзбекистонга олиб келиш юзасидан музокаралар "боши берк кўчага кириб қолгани"ни айтишганди.

Ўтган йил сентябрида “Спутник V” вакцинасини олиб келиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ваколати берилгани расман айтилган Laxisam ширкати раҳбарияти Махсус комиссиянинг 11 февраль кунги қароридан матбуот орқали хабар топганини айтмоқда. Ширкат вакилининг Озодликка айтишича, бу борада уларга ҳеч қандай кўрсатма келмаган.


ССВ тизимидаги Озодлик манбасига кўра, аслида 12 февралга келиб ҳам, Россия вакцинасини ким, қандай ва қанча миқдорда мамлакатга олиб кириши, ҳатто синов тариқасида Ўзбекистонга олиб келинган вакцина намуналари тақдири ҳам ҳануз номаълум қолаётганди.

Бу орада Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко ҳозиргача Ўзбекистон ўз ҳудудида "Спутник V" вакцинасини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган компанияни танлаб, Россия томонига тақдим қилиши кутилаётгани ҳақида баёнот берди.



Коронавирусга қарши кураш бўйича республика Махсус комиссияси 11 февраль куни аҳолини COVID-19 га қарши эмлаш масаласини муҳокама қилди.

ССВ матбуот хизматининг хабар қилишича, ушбу йиғилишда Россияда ишлаб чиқарилган ва айни пайтда эмлаш жараёни бошланган “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонда рўйхатдан олиш жараёнини бошлашга рухсат берилган:

“Унда “Спутник V” вакцинаси учинчи босқич клиник синовлари якунига етказилгани ҳамда Россия Федерациясида рўйхатдан ўтказилгани, шунингдек, ушбу вакцинани Ўзбекистонда сертификатлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича таклифлар келиб тушгани таъкидланди", дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга алоқадор Мирзиёев аҳолини коронавирусга қарши эмлашни буюрди. Ҳамма умид Хитой вакцинасидан

10 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғини ўтказиб, унда аҳолини эмлаш жараёнини тезликда бошлашга топшириқ берди. Хусусан, ССВга бир ой ичида вирусга қарши эмланиши керак бўлган бирламчи аҳоли рўйхатини ишлаб чиқаришни топширди.

Инновацион ривожланиш ва ССВ вазирликларига кўра, 10 февраль ҳолатига Ўзбекистонда фақат Хитойда ишлаб чиқарилган ZF2001 вакцинаси синовлари бораётган ва бу синовларни шу йил май ойида якунлаш режаланаётгани айтилган эди.

Ҳар икки вазирлик ҳамда Россия вакцинасини олиб келиши расман айтилган Ўзбекистондаги Laxisam фармацевтика ширкати ҳам “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонга олиб келиш, синаш ёки ишлаб чиқариш муддати борасида бирор аниқ маълумот бера олмади.

Махсус комиссиянинг қарори ортидан 12 февраль куни боғланган Озодлик мухбирига жавобан Laxisam фармацевтика ширкати раҳбарияти бу қарордан матбуот орқали хабар топганини билдирди.

Мавзуга алоқадор Амалдорлар Тошкентда "COVID-19га қарши эмланаётгани" ҳақидаги хабар тармоқларда эътирозга сабаб бўлди

Унга кўра, 12 февраль ҳолатига ширкат “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонга ким, қачон ва қандай олиб келиши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Laxisam Россиядан “Спутник V” вакцинасини олиб келиш бўйича шартномани имзолагани расман эълон қилинган Ўзбекистондаги ягона ширкат.

Ўтган йили сентябрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) билан Laxisam фармацевтика ширкати 2020-2021 йилларда 35 миллион доза "Спутник V" вакцинасини етказиб бериш бўйича келишувга эришганини тўғрисида баёнот берганди.

“У дастлабки келишув эди. Шундан бери бизга ҳали ҳеч ким ҳеч қандай маълумот бергани йўқ. Россия вакцинасини бошқа бирор ширкат олиб кираётган бўлиши ҳам мумкин, лекин бу ҳақда бизда ҳеч қандай маълумот йўқ, ҳеч ким бизга ҳеч нарса демади”, деди ширкат вакили Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонга етказиш бўйича эришилган келишувнинг Россия томонидан вакили бўлган - Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фондининг матбуот вакили Василий Кудиновга ҳам боғланди. Аммо ҳануз саволларга жавоб олгани йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистонда рўйхатга олинишига расман рухсат берилган Россия вакцинасининг мамлакатда синовдан ўтказилган ёки ўтказилмагани ҳам номаълум қолаётир.

Мавзуга алоқадор Россия саноат ва савдо вазири Тошкентга коронавирусга қарши рус вакцинаси намуналарини олиб келди

Ўтган йил декабрда ССВ Ўзбекистонда синовдан ўтказиш учун 500 доза "Спутник V" вакцинасига буюртма берган, кейинроқ Россия Саноат ва савдо вазири шахсан вакцина намуналарини Тошкентга келтиргани маълум қилинган эди.

12 февраль куни Озодлик боғланган ССВ тизимидаги манабанинг билдиришича, бу синовлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

“Вазирликда ишлаб туриб, мен билмайман – у 500 доза синовдан ўтдими, ўтган бўлса қаерда, қандай ўтди?! Ёки шу келтирилган қора сумкасида турибдими ҳалиям - бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Мана ҳозир ҳам Россия вакцинасини ким олиб келади, қачон, қанча олиб келади, бизда ишлаб чиқарилса, ким ишлаб чиқаради - бизда ҳеч қандай маълумот йўқ”, - деди исмини ошкор қилмасликни сўраган ССВ мулозими.

Айни пайтда Ўзбекистонда Хитойнинг COVID-19 инфекциясига қарши ZF2001 рекомбинант вакцинаси 3-фаза клиник синовлардан ўтказилмоқда, синовлар май ойида тугаши кутилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги (ИРВ) ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) бирга ўтказаётган Хитой вакцинаси синовлари мамлакат расмий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинмоқда. Шу боис, Ўзбекистонда аҳолини эмлаш жараёни Хитой вакцинаси билан бошланади, деган тахмин бор эди.

Аммо, президент Мирзиёевнинг коронавирусга қарши эмлаш жараёнига оид 10 февраль кунги танқидий чиқиши ва тезликда эмлашни бошлаш топшириғи ортидан, коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов музокаралар жорий йил мартида Ўзбекистонга вакцина келтирилиши ва эмлаш жараёни бошлашинишини айтган.

"Биздаги аниқ маълумотларга кўра, жорий йилнинг март ойида коронавирусга қарши вакцина келтирилади. Бунда биринчи навбатда 85 ёшдан ошганлар, ундан кейин 75 ёшдан 84 ёшгача бўлганлар, кейинги босқичда эса 65 ёшдан 75 ёшгача бўлганлар эмланади". "2021 йил якунига қадар республикамиз аҳолисининг 20 фоизга яқини эмланиши режалаштирилган", деган Ботир Қурбонов Kun.uz нашрига.

Аммо бу расмий ҳам вакцина қайси давлатдан ва қанча миқдорда келтирилиши ҳақида аниқ маълумот бермади. Озодлик бу баёнот ортидан 12 февраль кун боғланган ИРВ матбуот котиби Назокат Азим март ойидан Хитой вакцинаси билан эмлаш бошланиши мумкинлигини тахмин қилди.

"Хитой вакцинаси 3-босқич синовлари майда тугаши кутилмоқда. Аслида илмий тадқиқотлар 1 йил давом этиши айтилган, яъни 2021 йил ноябргача. Лекин ҳозиргача синовлар жуда яхши кечди ва балки мартдан Хитой вакцинаси билан эмлаш бошланади, деб тахмин қилиш мумкин. Аммо, бу ҳақда бизда аниқ маълумот йўқ. Якуний маълумотни ССВдан олишингиз мумкин".

Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинаси (RBD-Dimer) ҳозирча дунё бўйлаб, синовларнинг 3-босқичида турибди.

Ўзбекистон ва Хитойдан ташқари, Эквадор, Малайзия ва Покистонда синалмоқда, аммо ҳали бирор давлатда тасдиқлангани йўқ. Бразилия ушбу вакцина синовидан воз кечган.

ИРВдан олинган маълумотга кўра, синовлар муваффақиятли ўтмоқда ва агар тасдиқланса, вакцинани давлат буюртмаси билан тайёр ҳолда Хитойдан келтириш ва ССВ тизими орқали аҳолига етказиш режаланган.

Агар синовлар муваффақиятли ўтса, вакцинани тайёр ҳолда давлат буюртмаси асосида Хитойдан олиб келиш кўзланмоқда. Вакцина нархи қанча бўлади, аҳолига сотиладими ёки бепул берилади – бу саволларга ҳозирча жавоб берилмади.

Ишлаб чиқариш ва синов жараёнлари ҳақида теарли маълумот бўлмагани учун аввалига самарасига жиддий шубҳа билдирилган “Спутник V” вакцинаси шу кунда дунёда хавфсиз ва самарали деб топилган 9 вакцинадан бири бўлиб қолмоқда.

3 февраль куни клиник синовнинг учинчи босиқчида унинг самарадорлиги 91,6 фоизни ташкил этгани ҳақида дунёнинг етакчи тиббиёт журнали - The Lancet нашри ёзди.

Ҳозирда AstraZeneca ҳамда Pfizer ширкатлари коронавирусга қарши препаратни ишлаб чиқаришни камайтиришга мажбур бўлиши ортидан Европада вакцина тақчиллиги кузатилмоқда.

Бу эса ўз-ўзидан Россия вакцинасига бўлган талабни оширган. Озодлик суҳбатлашган мутахассисларга кўра, бу каби вазиятда “Спутник V” вакцинасини олиш жараёни янада мураккаблашиши мумкин.