ССВ “Док-1 Макс” жабрдийдаларига “кафолатланган ёрдам”дан баҳс этди

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга “кафолатланган тиббий ёрдам” кўрсатилмоқда.

“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров Тошкентда 21 октябрь куни журналистлар билан мулоқотда гапирган.

Худоёров “Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларнинг рўйхати вазирликда борлиги, уларга “давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани”ни таъкидлаган.

“Gazeta.uz” мухбири ҳукумат мулозимига жабрдийда болаларнинг ота-оналари эътирозли мурожаатлар йўллаётганини эслатган.

Ўша эътироз билдирган ота-оналарнинг эътирозлари нусхаларини бизга тақдим этсангиз, кўриб чиқишимиз мумкин”, деган вазир.

“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.

Мамлакатда 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиши кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, бунинг оқибатида 68 нафар бола вафот этган, камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган.

2023 йил августида бошланиб, ярим йил давом этган суд якунида дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан, аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 500 миллион сўмдан, соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларига 200 миллион сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланган.