ССВ: Икки яшар қизнинг қорнидан 135 та шарча чиқариб олинди

Иллюстратив сурат

Республика шошилинч тиббий илмий ёрдам марказида ўтказилган операция мобайнида фарғоналик 2 ёшли Самира Тоиржонованинг қорнидан 135 та магнит шарча чиқариб олинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Аниқланишича, қизалоқ магнит шарчаларни ўйнаш жараёнида улардан анча-мунчасини ичига ютиб юборган. Вақт ўтиши билан шарчалар қорнида йиғилиб қолган ва гўдакнинг ҳаётига жиддий хавф солган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилояти филиали шифокорлар аввалига беморни консерватив усулда даволаган. Қизчани қайт қилдириш орқали шарчалардан 14 донаси чиқариб олинган.

Шундан сўнг бемор Тошкентга – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Бу ерда гўдак яна бир бор текширувдан ўтказилган ва жарроҳлик столига ётқизилган.

Тўрт ярим соат давом этган операцияни тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳабибулла Оқилов ҳамда марказнинг Нозим Ўрмонов, Дилмурод Сабиров каби тажрибали мутахассислари амалга оширган.

ССВ қизча шифокорлар назоратида ўзини яхши ҳис этаётганини маълум қиларкан, “болаларни назоратсиз қолдириш ёмон оқибатларга ва ҳатто кўнгилсиз ҳолатларга олиб келиши”дан огоҳлантирган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, 2018 йил бошида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида яшовчи 11 ойлик чақалоқ баданида 16 та пўлат игна борлиги аниқланиб, оғир аҳволда Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган ва 9 соат давом этган жарроҳлик амалиёти пайтида бола танасидан игналар олиб ташланган эди.

Чақалоқ бир неча ой ўтиб соғайиб уйига қайтган ва қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ёхуд бошқа бирон-бир жиноят таркиби аниқланмагани ортидан ҳолат юзасидан очилган жиноят иши тўхтатилганди.