Ўзбекистонда жорий йилнинг 12 январь куни коронавирус инфекцияси юқтириб олиш билан боғлиқ 714 та ҳолат қайд этилган, шу тариқа вирус юқтириб олганларнинг умумий сони 202 минг 473 нафарга етган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда касалланиш сони беш кундан буён тўхтовсиз ошиб бораётганига эътибор қаратди.
Ўзбекистонга Omicron штамми кириб келиши ортидан хасталикка чалиниш бўйича кундалик кўрсаткич шиддат билан ошиб бораётганини кузатиш мумкин. Дейлик, уч кун аввалги кундалик кўрсаткич бугунгисидан қарийб икки баравар (389 та ҳолат) кам эди.
ССВ маълумотига мувофиқ, чоршанба куни республиканинг 11 вилоятида 228 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 197 минг 703 нафарга етган.
Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этгани, хасталик қурбонларининг умумий сони эса 1508 нафарга етганини қўшимча қилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлар бошланган апрель ойидан буён Ўзбекистонда жами 40 миллион 239 минг 570 доза вакцинадан фойдаланилган.