ССВ: Коронавирусга қарши эмловда қўлланилган вакцина миқдори 45 миллион дозадан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган 2021 йил апрелидан буён шу кунгача 45 миллион 97 минг 335 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 19 миллион 630 минг 924 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 15 миллион 247 минг 729 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 10 миллион 218 минг 682 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар орасида 1-босқичда эмланганлар 526 минг 418 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 330 минг 566 нафарни ташкил қилган.

Вазирлик 21 февраль куни Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 175 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 235 минг 602 нафарга етганини маълум қилган.

Душанба куни республиканинг ўнта ҳудудида 1 минг 228 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 229 минг 19 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 623 нафарга етганини, шунингдек 31 нафар кишида пневмония аниқланганини қўшимча қилган.