ССВ: Коронавирусга қарши эмловда қўлланилган вакцина сони 39 миллион дозадан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 39 миллион 36 минг 802 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 18 миллион 813 минг 625 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 13 миллион 419 минг 790 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 6 миллион 803 минг 387 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ 29 декабрда мамлакат бўйлаб 143 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 198 минг 769 нафарга етганини очиқлаган.

Чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятидан ташқари ҳудудларда 124 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 195 минг 840 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундуза коронавирусга чалинган беморлар орасида ўлим ҳолати қайд этилмаганини қўшимча қилган. Вазирлик кеча коронавирус қурбонларининг умумий сони 1 минг 485 нафарга етганини маълум қилган эди.