Жорий йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида Moderna вакцинасидан яна 2 миллион 822 минг 400 доза келтирилди. Шу тариқа мамлакатга келтирилган Moderna вакцинаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 6 миллион 322 минг 860 дозага етган.
Кечаги партия билан Ўзбекистонда фойдаланилаётган вакциналар миқдори 53 миллион 579 минг 548 дозани ташкил этган. Moderna вакцинасидан ташқари бу йиғиндининг 2 миллион 404 минг 480 дозасини AstraZeneca, 38 миллион 700 минг 268 дозасини ZF-UZ-VAC2001, 1 миллион 341 минг 790 дозасини “Sputnik V”, 2 миллион 626 минг 650 дозасини Pfizer/BioNTech, 1 миллион 976 минг дозасини Sinovac, 207 минг 500 дозасини эса Sputnik Light вакцинаси ташкил этади.
ССВ шу кунгача мамлакатга келтирилган вакциналардан 44 миллион дозадан кўпроғи эмлаш жараёнида қўлланилганини билдирган.
Аввалроқ Озодлик АҚШ расмийлари жорий йил кузига қадар коронавирусга қарши эмлаш учун Ўзбекистонга яна 5 миллион доза вакцина етказиб беришни режалагани ҳақида хабар қилган эди.