ССВ: Pfizer вакцинаси билан эмланган болалар сони 300 мингга яқинлашди

Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар орасида, 9 ноябрь ҳолатига кўра, 295 минг 757 нафари Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмлов жараёни айниқса Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятларида жадал бораётганини билдирган.

Вазирлик қайдича, Ўзбекистонда оммавий эмлов бошланган апрель ойидан бери айни кунгача коронавирусга қарши жами 28 миллион 494 минг 503 доза вакцина қўлланилган.

ССВ кеча мамлакат бўйлаб 221 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталикни юқтириб олганларнинг умумий сони 188 минг 619 нафарга етганини маълум қилган.

Шунингдек, сешанба куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлардан 307 нафари тузалган, соғайганларнинг умумий сони эса 184 минг 814 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 346 нафарга етганини қўшимча қилган.