ССВ қарийб 1,5 ойдан бери илк бор яна бир бемор коронавирусдан вафот этганини очиқлади

Зангиотадаги махсус касалхона

Ўзбекистонда куни кеча коронавирусга чалинган яна бир бемор вафот этган ва шу тариқа COVID-19 қурбонлари сони 623 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Ўзбек расмийлари сўнгги бор коронавирусдан бемор вафот этгани тўғрисида февраль ойининг биринчи ярмида маълум қилган эдилар.

ССВ маълумотига мувофиқ, Ўзбекистонда ўтган кеча-кундузда 119 кишида COVID-19 қайд этилиб, 23 март ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 81 минг 678 нафарга етган.

Айни пайтда, вазирлик қайдича, соғайган беморлар сони 80 минг 45 нафарни ташкил қилган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 1010 нафарни ташкил этиб, улардан 191 нафарининг аҳволи оғир, 85 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.