Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 19 апрель куни 1930-31 йилда қатағон қилинган 208 нафар ўзбекистонликка оид учта жиноят ишини кўриб чиқди ва уларнинг барчасини оқлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.
Расман билдирилишича, мазкур шахслар Ўрта Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Учлик Кенгашининг 1930-31 йилдаги қарорлари асосида отувга ва Сибирдаги лагерларга ҳукм қилинганлардир.
Бунга қадар Олий судда қатағон қурбонларини оқлаш бўйича иш олиб бораётган гуруҳ томонидан 408 киши оқланган эди. Сўнгги қарор ортидан жами оқланганлар сони 616 кишига етди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида қилган чиқишида, СССР замонида юз минг ўзбекистонлик қатағон қилингани ва улардан 13 мингги отиб ташлангани тўғрисида гапирган эди.
Ўзбекистонда 2001 йилдан бери 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари президент Ислом Каримов давридаги сиёсий маҳбуслар реабилитациясини ҳам кун тартибига қўйишган, аммо ҳозирча саноқли одамларгина реабилитация қилинган.