Ўзбекистонда йиллик истеъмол нархлари индекси 10,47 фоиз даражасида қайд этилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида айтилган.
Агентлик қайдича, жорий йил августида инфляция даражаси 0,53 фоизга ошган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,01 фоизга камдир.
Ҳисоботдан келиб чиқилса, ўтган бир ой ичида озиқ-овқат нархлари 0,5 фоизга, ноозиқ-овқат нархлари 0,7 фоизга, хизмат ҳақлари қиймати эса 0,4 фоизга ошган.
Август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари орасида гўшт ва картошка нархлари кескин ошгани кузатилган. Агентлик маълумотига кўра, ўтган ойда қўй гўшти 4,9 фоизга, мол гўшти 5,3 фоизга, картошка эса 5,5 фоизга қимматлаган.
Айни пайтда помидор (8,5 фоиз), булғор қалампири (18,9 фоиз), бақлажон (20,4 фоиз), узум (27,1 фоиз), қовун (27,9 фоиз) тарвуз (33,1 фоиз) нархлари сезиларли даражада арзонлаган.
Статистика агентлиги ҳисоботига мувофиқ, метан нархи юқори чегараси бекор қилингани ортидан бу ёқилғи 4 фоизга қимматлаган. Бундан ташқари, ҳайдовчилик курсларида ўқиш учун тўлов миқдори 5,8 фоизга оширилган.