Столтенберг: Россияни дастаклаган Хитой жазосиз қолмаслиги керак

Йенс Столтенберг

Ғарблик иттифоқчилар Россиянинг Украинага босқинида унга сезиларли даражада технологик ёрдам кўрсатаётган Пекин хатти-ҳаракатларини оқибатсиз қолдирмасликлари лозим. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 17 июнь куни Вашингтондаги Вильсон марказида қилган чиқишида билдирди.

Столтенбергга кўра, сўнгги икки йил ичида Россия томонидан фойдаланилаётган микроэлектрониканинг 90 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилган. У турли қурол-аслаҳаларни ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда. НАТО бош котиби Хитой сунъий йўлдош технологияларини ривожлантиришда ҳам Россия билан ҳамкорлик қилаётганини қайд этди.

Хитой Европада Иккинчи жаҳон урушидан буён энг йирик бўлган ҳарбий можарони шиширяпти, айни пайтда у Европа билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилмоқда… Пекин унга ҳам, бунга ҳам эга бўлолмайди. Агар Хитой ўз йўналишини ўзгартирмаса, пайти келганда иттифоқчилар уни товон тўлашга мажбур қилиши лозим”, дея урғулаган Йенс Столтенберг.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби ҳам 17 июнь куни Пекинни танқид қилиб чиққан. Брифинг чоғида у Хитой микроэлектроникаси “Россиянинг емирилиб бораётган ҳарбий-саноат базасини дастаклашга кўмаклашди”, дея билдирган. Кирбига кўра, АҚШ бу масалани хитойлик вакиллар билан мунозара чоғида кўтарган.

Йенс Столтенберг июль ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТОга аъзо мамлакатлар саммитига ҳозирлик доирасида АҚШ пойтахтида бўлиб турибди. Мазкур учрашувнинг асосий мавзуси Россиянинг Украинага босқини бўлиши кутилмоқда. Гарчи Украина НАТОга кириш учун таклиф олмаса-да, Столтенбергнинг айтишича, саммитда Украинанинг бу ташкилотга келажакда аъзо бўлишига “кўприк қурилади”.