Украина ҳудудида тинчлик ўрнатишга тўла имконият бор, бироқ асосий масала Киев бунинг учун қандай бадал тўлашга тайёр эканида. Ғарбнинг вазифаси Киевнинг ҳудудий ён беришларга бориши ва мустақиллигидан маҳрум бўлишига йўл қўймасликдир. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Финляндия президенти билан биргаликда 12 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.
Столтенбергга кўра, Украина нима қилиб бўлса ҳам тинчликка эришишга ҳозир эмас.
НАТО бош котиби фикрича жанговар ҳаракатлар тўхтатилишининг энг яхши йўли Россия президентининг урушдан воз кечиши бўларди, чунки мазкур уруш учун фақат ва фақат Кремль масъул.
Столтенберг Украина президенти Владимир Зеленский урушни музокаралар столида тугатиш ҳақида бир неча бор гапирганини эслатиб, бу ерда ғарблик ҳамкорларнинг вазифаси Киев позициясини максимал даражада кучли қилиш эканини урғулаган.
НАТО бош котиби Россиянинг Украинага босқини туфайли дунё тартиби ўзгариши мумкинлигини истисно қилмаган, аммо, унга кўра, ўзаро ихтилофлар дипломатик йўллар билан ҳал этилиши керак.