Ҳамбургдаги суд Tegernseer Stimme газетасига USM Holdings ширкати асосчиси, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Бавариядаги вилла эгаси экани ҳақида маълумот тарқатишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Мазкур қарор 10 июнь куни қабул қилинган.
Тақиқ бузилишига оид ҳар бир ҳолат учун суд нашрга 250 минг еврогача жарима солади. Бу жаримани тўлай олмаган тақдирда, жавобгар ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолати учун олти ойгача маъмурий қамоққа тортилиши мумкин.
Усмоновнинг адвокатлари 2017 йилдаги мақола учун газетани судга беришган. Ўша мақолада тадбиркор “гап-сўзларга кўра” Тегернзе кўли яқинидаги “улкан виллага қарийб бир йил давомида эгалик қилган”и иддао қилинган.
2024 йил январида Ҳамбург суди Алишер Усмоновнинг Forbes журналига қарши киритган даъво аризасини қаноатлантирган. Нашр томонидан ёйинланган аноним экспертнинг тадбиркор Россия президенти Владимир Путиннинг “гумаштаси ўлароқ фаолият олиб борган”ига оид сўзлари ишончсиз деб топилган. Forbes журналининг Алишер Усмонов “Мюнхенда кўчмас мулкка эга”лигига оид иддаоси бўйича ҳам суд худди шундай қарор чиқарган. Суд нашрга ҳақиқатга тўғри келмайдиган иддаоларни ёйинлашни тақиқлаб, тақиқ бузилган тақдирда 250 минг еврогача жарима билан таҳдид қилган.
2023 йил августида Алишер Усмонов Австриянинг Kurier газетасига қарши судда ютиб чиққан эди. Даъво аризаси киритилишига нашрнинг тадбиркор ҳақида Владимир Путиннинг “севикли олигархи обрў-эътиборидан фойдаланмоқда” деб ёзгани сабаб бўлган эди.