Ўзбекистондаги суд президентни ҳақорат қилганлик (Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми) ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи маълумотни тарқатганликда (ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди) айбланган қорақалпоғистонлик Дамежан Есеновага нисбатан уч йилу олти ойга озодликни чеклаш жазоси тайин қилган. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон Хельсинки фонди маълумот тарқатди.
Есенова 2024 йилнинг январь ойида қўлга олинган. Ҳукм Қўнғирот туман суди томонидан 10 июндаёқ чиқарилган, бироқ ҳуқуқ фаоллари бундан эндигина хабар топишган.
Тергов тахминига кўра, Есенова “Асилбек Тахиров” деган профилдан фойдаланган ҳолда, YouTube тармоғида Қорақалпоғистонга алоқадор турли видеоматериалларни кузатиб борган. У, экспертиза фикрича, мазкур видеоматериаллар остида “сепаратистик характердаги”, “жамоат тинчлигини бузувчи” ва Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақорат қилувчи изоҳлар қолдирган.
Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида норозилик намойишлари Конституцияга ўзгартишлар лойиҳаси туфайли 2022 йил 1 июлида бошланган. Бунга Конституциядан Қорақалпоғистон суверенитетига оид модда олиб ташланиши тўғрисидаги таклиф сабаб бўлган.
Иккинчи июль куни Нукусга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бориб, “агар қорақалпоқ халқи норози бўлса”, Конституциянинг республика мухториятига тааллуқли моддаларини ўзгартирмасликка ваъда берган. Бир неча кундан кейин Ўзбекистон парламенти Конституциянинг янги лойиҳасида Қорақалпоғистоннинг суверенитет мақомини сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, 2022 йил июлидаги тартибсизликларда камида 18 киши қурбон бўлган. Бундан ташқари, тартибсизликлар чоғида ҳуқуқ-тартибот идораларининг 38 нафар ходими дохил 243 киши жароҳат олган, намойишчилардан 516 нафари қўлга олинган.
Ўзбекистон Олий суди 2024 йил февралида “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракатини “экстремистик ташкилот” деб топган ҳамда мамлакат ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлаган. Ҳаракат раҳбари Аман Сагидуллаев Нукусдаги норозилик чиқишларига оид иш бўйича сиртдан 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаев эса сиртдан 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.