Хоразм вилоятида суд Урганчдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқага киришган мулозимларга нисбатан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқади.
Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, 3 апрель куни Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабридаги ажримини Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовга оид қисмини бекор қилиб, ишни янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юбориш тўғрисида Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести келиб тушган.
“Ушбу протест Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида жорий йилнинг 6 апрель куни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши маълум қилинади”, дейилган хабарномада.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратураси 29 март куни меҳрибонлик уйидаги қизларни зўрлаганларга берилган енгил жазо устидан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест киритгани, бироқ Олий суд 1 апрель ҳолатига кўра протест келиб тушмаганини билдиргани ҳақида хабар қилган эди.
Ўтган ҳафта сўнгида ижтимоий тармоқларда 2022 йил сентябрь ойида Урганч шаҳридаги 1- оилавий меҳрибонлик уйидаги уч нафар қизни зўрлаб келганликда айбланган Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов 1,5 йилга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилингани, меҳрибонлик уйи директори эса 5,5 йилга қамалгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган. Айбланувчиларга бундай енгил жазо берилишидан норози бўлган ўзбекистонликлар орасида ўшандан буён тармоқларда баҳс-мунозара кучайиб бормоқда.