Наманган вилояти суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафоев ўзганинг эгалигида бўлган квартирани сохта ҳужжатлар билан ўз номига расмийлаштириб, бошқа бир одамга сотиб юборган бўлиши мумкин, дея хабар қилди “Kun.uz” нашри.
“Бу эҳтиёжимиздан ортиқча бўлган уй эди. Доимий яшамасак-да, йўлимиз тушганида бир кун-ярим кун туриб кетардик. Уста тушириб, таъмирлаётгандик, бошқа одам “документ” кўтариб келди. Шунда билиб қолдик. Ушбу ишга аралашган инсонларнинг ҳаммаси жавобгарликка тортиляпти”, деган Наманган шаҳри Алишер Навоий кўчасида жойлашган хонадоннинг ҳақиқий эгаси.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати Сафоевга нисбатан хизмат текшируви ўтказилганини билдирган.
“Хизмат текшируви хулосаси муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилиш учун Судьялар олий малака ҳайъатига юборилган”, дейилган расмий изоҳда.
Кенгаш матбуот хизмати текширувда шикоятчининг важлари тасдиғини топган-топмаганига аниқлик киритмаган.
Озодлик жорий йилнинг 25 июль куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўтказган махсус амалиётда иқтисодий ишлар бўйича Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманлараро суди судьяси С. А. фуқародан 3000 доллар пора олаётганида ушлангани ҳақида хабар қилганди. Ҳибсга олинган шахс аввалроқ “Ибратли судья” мукофотига сазовор бўлган.