Қатор технологик ширкатлар, жумладан, Center for AI Safety, OpenAI ва Google DeepMind етакчилари, таниқли олимлар сунъий интеллект инсониятнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
“Сунъий интеллект оқибатида инсониятнинг йўқ бўлиб кетиши хавфини камайтиришга пандемия ва ядро уруши каби глобал даражадаги устувор вазифа сифатида қараш лозим” — дейилади Center for AI Safety сайтида эълон қилинган баёнотда.
Баёнотни сунъий интеллектни яратиш бўйича тадқиқот олиб борган 350 нафарга яқин олим, инженер ва ширкатлар раҳбарлари имзолаган. Улар орасида ChatGPT дастури асосчиси бўлган OpenAI ширкати диретори Сэм Альтман ва “сунъий интеллект отаси” сифатида кўриладиган олим Жеффри Хинтон ҳам бор.
Бу илмий жамоатчиликнинг сунъий интеллектга боғлиқ биринчи баёноти эмас. Бундан аввал мингга яқин олим ва технолог, жумладан, Илон Маск сунъий интеллектни ривожлантириш ишларини кучайтирилган хавфсизлик дастурлари ихтиро қилингунига қадар олти ойлик муддатга тўхтатиб туришни таклиф қилганди.
Chat GPT - Чат-бот ёки одам билан мулоқот қила оладиган комьютер дастури бўлиб, у бир неча ой ичида интернетда инқилоб яратди. Сунъий интеллектга асосланган чат-бот ахборот излайди ва саволларга жавоб беради. Топшриқ берилса, бадиий асарлар ёзиши ва дастурлар кодини тузиши мумкин. Бундан ташқари чат-ботлар бизнес тақдимотлар ва реклама матнларини тайёрлаши мумкин.