Суриштирув: Украинадаги урушда 20 мингдан зиёд вагнерчи ҳалок бўлган

Евгений Пригожин "Вагнер" ХҲШ ёлланмалари кўмилган қабристон фонида (архив сурати)

Украинадаги урушда “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатининг 20 мингдан зиёд ёлланмаси ҳалок бўлган, уларнинг аксариятини ширкат томонидан урушга ёлланган маҳкумлар ташкил этади. Бу ҳақда “Медиазона” ва Би-би-си рус хизматининг биргаликда амалга оширилган суриштирувида айтилган.

Нашрлар урушда ҳалок бўлган ёлланмаларнинг яқинларига тўланган пулларга оид ҳужжатларни қўлга киритганларини иддао қилишмоқда. Уларда 2022 йил январидан 2023 йил августига қадар ўлган 20 мингдан зиёд киши ҳақида маълумотлар бор. Суриштирув муаллифлари ҳужжатлар ҳақиқийлигига амин эканларини таъкидлашмоқда.

Иддаога кўра, фақатгина ҳалок бўлганларнинг яқинларига товон тўлаш учун 108 минг рублга яқин маблағ сарфланган. Бу маблағ ичига ёлланмаларга тўланган маош ва яраланганларга тўланган товон пули кирмайди.

“Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин ва унинг қўлида ишлаган ходимлар томонидан урушга, иддаога кўра, жами 48 мингдан кам бўлмаган маҳкум ёлланган, уларнинг кўпи қаттиқ режимли колониядан бўлган, яъни улар қотиллик дохил оғир жиноятлар учун судланган маҳкумлар бўлган. Биргина Бахмут яқинида улардан 17 минг чоғлиси ҳалок бўлган. Урушда иштирок этиш учун маҳкумлар президент Владимир Путин томонидан афв қилинган.

Донецк вилоятининг йирик шаҳарларидан бири бўлган Бахмут яқинидаги жанглар “Вагнер” ёлланмаларининг Украинадаги сўнгги йирик амалиёти бўлган. Шундан кўп ўтмай ХҲШ исёни содир бўлган, бунинг ортидан эса тузилма феълан тарқатиб юборилган. Пригожин 2023 йил августидаги авиаҳалокат чоғида ўлган, ҳалокатнинг сабаблари расман очиқланган эмас.

Журналистлар келтирган талафот рақамлари Пригожиннинг ўзи келтирган маълумотлар билан қарийб бир хил. У Бахмут яқинида 20 мингга яқин жангчиси ўлганини айтган, бироқ у ҳалок бўлганлар орасида маҳкумлар сонини камроқ кўрсатган эди. “Вагнер” ХҲШ энг кўп талафотни 2023 йил январида берган, айрим кунларда ҳалок бўлганлар сони 200 дан ошиб кетган эди.

Суриштирувда маҳкумларнинг қамоқхонадан ёлланиши, уларни ошиғич тайёргарликдан ўтказиш ва урушга йўллаш механизми батафсил баён қилинган. Қайси маҳкум қайси колониядан ёлланганини уларнинг шахсий жетонларидаги рақамлардан аниқласа бўлади. Журналистлар маҳкумлар ёлланган Калининграддан Магадангача бўлган 341 та колонияни аниқлашга муваффақ бўлишган. Маҳкумларни ёллаш иши 2022 йили Санкт-Петербургда бошланиб, Пригожин билан Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ўртасидаги зиддият кучая бошлаган 2023 йил февралида якунига етган.

Ҳужжатлар билан тасдиқланган ёлланма маҳкумлар сони ҳам Пригожин айтган рақамларга яқин, у 50 минг маҳкум ҳақида айтган эди. Улардан 20 минги урушда ўлиб, 30 минги тирик қолган. Пригожин улардан 20 фоизга яқини ўлганини айтган эди.

Суриштирувда маҳкумлар ёлланган колонияларнинг интерактив харитаси ҳам бор, ҳар бир колониядан қанча ёлланма тирик қолгани ҳам ҳисоблаб чиқилган.

Ҳозирда қамоқхоналардан урушга маҳкум ёллаш ишини Россия Мудофаа вазирлиги давом эттирмоқда. Эндиликда маҳкумлар афв қилинмаяпти, балки шартнома муддати битганидан кейин муддатидан олдин озод қилинмоқда - бу шартномани эса уруш тугагунича бузиш мумкин эмас.