Тиллерсон: Сурияга урушдан кейин ҳам ёрдам берамиз

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон

АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон Сурияда амалга ошириладиган муҳим ишлар режасини эълон қилди. ИШИД террорчи гуруҳи мағлуб этилгандан кейин ҳамда Асад режими ҳокимиятдан кетгандан сўнг Сурияни қайта қуриш учун амалга ошириладиган ҳарбий ва дипломатик ишларда АҚШ фаол иштирок этади, деди Американинг бош дипломати.

Вашингтон 2014 йилдан бери Сурияда "Исломий давлат"га қарши ҳарбий амалиётларга етакчилик қилиб келади. Пентагон маълумотига кўра, айни пайтда Сурияда АҚШнинг 2000 атрофида аскари бор.

Тиллерсон бу ҳақда Стенфорд университетида гапирди. У Сурияда тартиб ўрнатиш АҚШ учун нега муҳимлиги ҳақидаги сабабларни ҳам санаб ўтди.

"ИШИДнинг бир оёғи гўрда. Гуруҳ бутунлай яксон қилингунча Америка ҳарбийларининг Сурияда туриши унинг иккала оёғини ҳам гўрга тиқади", - деди Тиллерсон.

"Сурияда тарих яна такрорланишини истамаймиз", - деди Тиллерсон, Обама президентлиги даврида Ироқ ва Ливиядан АҚШ аскарларининг олиб чиқилиши хато бўлганига ишора қилиб.

Сурияда қолиш сабаблари

Тиллерсоннинг айтишича, Сурияда қолишнинг бошқа сабаблари ҳам бор.

"Америка кучларини бутунлай олиб чиқиш ҳозир Асадга ёрдам беради. Барқарор, бирлашган ва мустақил Сурия муваффақият қозониши учун Асаддан сўнг янги етакчилар зарур. ИШИДни бутунлай мағлуб этиш мақсадида АҚШнинг минтақада бўлиши фуқаролик етакчиларининг озод қилинган ҳудудларни масъулият билан бошқаришига ҳам ёрдам беради", - дейди у.

"Суриядаги энг катта вазифа ҳозир инсонларнинг ўлимини тўхтатишдир", - деди Тиллерсон.

Унинг айтишича, ҳануз бу ўлкада минглаб одам ҳалок бўлмоқда. АҚШ расмийси Президент Асадни ўз халқининг қотили деб атади.

Тиллерсонга кўра, АҚШ Сурия қочқинларининг ўз ватанига қайтиши учун зарур шароитлар яратилишини хоҳлайди. Шунингдек, минтақада Эрон таъсирини камайтириш ва БМТ етакчилигида эркин сайловлар ўтказиш кўзда тутилган.

БМТ бошчилигидаги Женева тинчлик мулоқоти

БМТ бошчилигида Сурия инқирозига ечим топиш учун мулоқот бошланганига бир неча йил бўлди. Женева мулоқоти деб номланган жараён ҳозирча самарали натижа бергани йўқ. БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура 25 ва 26 январь кунлари Вена шаҳрида Сурия ҳукумати ва мухолифат вакиллари ўртасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтишини эълон қилди. Музокараларда, асосан, конституцияга оид масалаларга эътибор қаратилиши кутилмоқда.

БМТ музокаралари Россияда шу мавзуда ташкиллаштирилиши режаланган тинчлик конгрессидан бир неча кун олдин бўлиб ўтади.

Сурияда 2011 йил мартидан бери давом этаётган фуқаролар уруши юз минглаб одамларнинг ёстиғини қуритди.