Жаҳаннамдан чиққанлар. Суриядаги “Сайдная” қамоқхонасидан маҳкумларнинг озод қилиниши

Асад режимининг қуролли мухолифларидан бири "Сайдная" қамоқхонасидан маҳкумларнинг озод этилишини кузатмоқда. 9 декабрь, 2024 йил.

Уларнинг баъзилари Сурия қамоқхонасининг кулранг бетон йўлакларидан зомбидек аланглаб чиқиб келади. Бошқалар эса йиллар давомида кўришмаган қариндошлари билан бирга йиғлашарди. Бошқалари эса "одамлар қассобхонаси" деб аталган қамоқхоналарни тарк этиб, озодликка чиққанларидан шод-хуррам бўлиб йиғлашарди. Сурия диктатори Башар Асад режими қулаши Сурияликлар нафратланадиган мамлакат ички хавфсизлик хизматлари қанчалик шафқатсиз бўлгани ҳақидаги Пандора қутисини очди. Бунга асосий мисол сифатида Дамашқ шимолидаги ҳарбий мажмуа – Сайдная қамоқхонасини келтириш мумкин. Бу ерда ўн минглаб маҳбуслар кўп йиллар давомида қийноққа солинган, қатл этилган.

2011 йилдан 2018 йилгача, Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази ҳисоб-китобларига кўра, 30 000 дан ортиқ маҳбус "Сайдная" қамоқхонасида қатл қилинган ёки очлик, тиббий ёрдам йўқлиги ёки қийноқлардан вафот этган.

"Сайдная" қамоқхонаси, 9 декабрь, 2024 йил.

"Сайдная" қамоқхонаси бутунлай Сурия "ихтиро"си эди, дейди Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти тадқиқот бўлими раҳбари Филип Лютер. Дастлаб у гумон қилинаётган исломий экстремистларни, кейинчалик эса сиёсий маҳбусларни ёки режимга таҳдид деб ҳисобланган ҳар қандай шахсни ҳибсга олиш ва жазолаш учун мўлжалланган эди.

Башар Асад Москвага қочганидан кейин сурияликлар илгари кириб бўлмайдиган қамоқхонага ёпирилиб, темир эшикларни очиб, баъзилари ўнлаб йиллардан бери қамоқда ўтирган одамларни озод қилишди.

Одамларни қийнаш учун мўлжалланган деб тахмин қилинаётган пресс, юзлаб жуфт пойабзал – "Сайдная" қамоқхонаси нацистларнинг ўлим лагерларини эслатиши мумкин эди. Эҳтимол, бу тасодифий эмасдир: тахминлардан бирига кўра, ССнинг собиқ гауптштурмфюрери ва Адолф Эйхманнинг асосий сафдошларидан бири бўлган Алоиз Бруннер "яҳудийлар масаласининг якуний ечимини" амалга оширишда нацистларнинг номақбулларни йўқ қилиш усулларини Сурияга "импорт қилган." У 1954 йилда Сурияга қочиб кетган ва Дамашқда кун кечирган, Сурия махсус хизматларига маслаҳат берган ва Исроил қамоқхонасидан Адолф Эйхманни ўғирлашни режалаштирган. Бруннер яқинда – 2010 йилда вафот этган.

"Сурия режими "Сайдная" қамоқхонасини ташкил этиш ёки фаолиятини таъминлашда кўрсатмаларга амал қилганми ёки Эрон ёки Россия каби ташқи кучлардан илҳомланганми, менга маълум эмас, – дейди Филипп Лютер. – Бу қамоқхонанинг иши Сурия ҳукуматининг аниқ мақсадларига, биринчи навбатда, уларнинг шахсий хавфсизлигига қаратилган эди."

"Сайдная" қамоқхонаси, 9 декабрь, 2024 йил.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва Озодлик радиоси тасдиқлаган видеоларда қамоқхона қайдларини қайта кўриб чиқаётган одамлар ва мажмуа йўлакларини тўлдириб, озодликни нишонлаётган ўнлаб эркаклар акс этган.

Баъзилари, афтидан, саросимага тушиб, озодликка чиққанликларини тушунмаётганга ўхшарди.

"Қўрқманг! Режим қулади! Қўрқманг! Сиз озодсиз! – дейди яна бир тасдиқланган видеодаги одам. – Кет, қария! Худога шукур, омон қолдинг! Сен озодсан!"

"Мен 9 йилдан бери печенье емадим," – дейди видеода бошқа бир эркак ва бир вақтнинг ўзида яна бир маҳбусга ширинлик беради.

"Сайдная" қамоқхонаси Асаднинг мухолифлари назоратига ўтгандан сўнг, мажмуада камерали ер ости қаватлари борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ўшанда Асад назорати остида бўлмаган ҳудудларда фаолият юритган Сурия инсонпарварлик ташкилоти "Оқ каскалар" сонар ва қайтарма болғалар ёрдамида қидирув ишларини бошлаган.

"Оқ каскалар" 9 декабрь куни қамоқхонада "аниқланмаган ёки яширин ҳудудларни" топмаганликларини маълум қилганди.

2017 йилда АҚШ Давлат департаменти Сурия ҳукуматини "Сайдная"да крематорий қуришда, шунингдек, қамоқхона ходимлари ҳар куни 50 тагача одамни, асосан, осиб, жасадларни умумий қабрга ташлаш орқали қатл қилишда айблади. Америка расмийлари, шунингдек, Сурия қотилликларни "Россия ва Эроннинг чексиз ёрдами билан" амалга оширганини таъкидлади, аммо кейинчалик Россия ёки Эроннинг крематорий ёки оммавий қатлларга алоқадорлигини исботловчи далил топа олмаганликларини аниқлаштирдилар.

"Бу "Сайдная" турмасидан. Бу камералар. Мана уларга бериладиган овқат. Фақат карам," дейди бир эркак Асаднинг мухолифлари қамоқдан озод қилинганидан кейин суратга олинган видеода.

Омон қолган маҳбуслар ва уларнинг қариндошлари айтишича, баъзи маҳбуслар "Сайдная"да йиллар, ҳатто ўн йиллар давомида бўлишган. Видеолардан бирида гапира олмайдиган ва "Сайдная"да 13 йил ўтирган эркак тасвирланган.

"Сайдная"даги тантанага ўхшаш воқеаларни Дамашқнинг бошқа туманларида, шунингдек, бошқа шаҳарлардаги ўнлаб қамоқхоналарда ҳам кўриш мумкин эди.

"Ўн йил қамоқда! Ўн йил!" деб қичқиради 8 декабрь куни озод этилган маҳбус Дамашқдаги Энергетика вазирлиги ёнидан югуриб ўтаётган бир гуруҳ эркаклар тасвирланган видеосида.

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган қуйидаги видеода Суриянинг турли қамоқхоналарида йиллар давомида сақланган номаълум аёл тасвирланган. У икки кичик фарзанди билан қайта учрашиб, кўз ёшларини тўхтата олмайди.

12 йил қамоқда ўтирган ва ҳозирда "Сайдная" қамоқхонасидаги маҳбуслар ва бедарак йўқолганлар уюшмасининг ҳаммуассиси бўлган Рияд Авлар бу қамоқхонани Шимолий Корея қамоқхоналарига ўхшатади. "Одамлар тушуниши керак бўлган нарса шуки, Асад режими нацистларга ўхшарди," дейди Авлар Озодлик радиоси билан суҳбатда.

"Сайдная" қамоқхонасининг икки асосий корпуси.

Сурия қамоқхоналарида тақдири ҳақида кам маълумот бўлган чет эл фуқаролари ҳам бор эди. Жумладан, Миссури штатидан бўлган Америка фуқароси Травис Тиммерман етти ойлик қамоқдан сўнг Дамашқдаги қамоқхонадан озод қилинди.

CBS News билан суҳбатда Тиммерман Сурияга Ливандан "христианлик руҳоний мақсадлари" билан ноқонуний равишда келганини айтади. У қамоқда сақлаш шароитлари унчалик оғир бўлмаганини таъкидлади.

Трэвис Тиммерман, Дамашқ 12 декабр, 2024 йил.

Америкаликнинг сўзларига кўра, 9 декабрь куни автоматлар билан қуролланган икки киши унинг камераси эшигини болға билан бузиб кирган, шундан сўнг у ҳеч қандай қаршиликсиз қамоқхонадан чиқиб кетган. Америкалик қамоқхонани озод этилган маҳбусларнинг катта гуруҳи билан бирга тарк этганини қўшимча қилди.

АҚШ Давлат департаменти америкалик фуқаронинг "Дамашқдан ташқарида" эканлигини тасдиқлади ва унга зарур ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.

13 декабрь куни кечқурун "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи Травис Тиммерманнинг Дейр аз-Зор ҳудудида америкалик ҳарбийларга топширилганини акс эттирувчи суратни эълон қилди.

2024 йил ноябрь ойи охирида Сурия мухолифат гуруҳлари ҳукумат армияси қўшинларига қарши ҳужум бошлади. 8 декабрга ўтар кечаси гуруҳлар Дамашққа бостириб кирди ва президент Башар Асад режими ағдарилганини эълон қилди. Асад мамлакатдан қочиб кетди, хабар қилинишича, Россияда бошпана топди. Ўшандан бери у жамоатчилик олдида кўринмади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Путь Асмы Асад: от «розы пустыни» до ненавидимой жены диктатора Сирии