Суриянинг янги ўтиш даври ҳукумати сиёсий бўлими вакили Убайда Арнавут Москва иттифоқчиси — собиқ президент Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Россияни бу мамлакатдаги ўз ҳарбий ҳозирлигини қайта кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда Euronews хабар қилди.
“Мен Россия Сурия ҳудудидаги ўз ҳозирлиги ва ўз манфаатларини қайта кўриб чиқиши лозим, деб ҳисоблайман”, деган Арнавут. Унга кўра, Москва ўзида “Сурия халқига қарши душманлик йўқ”лигини намойиш қилиш учун янги маъмурият билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Россия Сурияда иккита ҳарбий базага эга: булар Латакия порти яқинидаги Хмеймим ҳаво базаси ва Ўртаер денгизи соҳилида жойлашган Тартусдаги ҳарбий-денгиз базасидир. У ерда россиялик ҳарбийлар ҳозирлигига оид шартнома Москва билан Дамашқ томонидан 2017 йилда 49 йил муддатга тузилган. Мазкур базалар Кремлнинг стратегик жиҳатдан энг муҳим объектларидан бўлиб ҳисобланади.
Тартусдаги база айниқса жуда аҳамиятли, чунки у Россияга тўғридан-тўғри Ўртаер денгизига чиқиш учун ягона йўл, денгиз машқлари ўтказиш ва ҳарбий кемалар жойлаштириш учун ягона нуқта ўлароқ хизмат қилади.
Ғарб разведкаси ва таҳлилчилар Россия қўшинлари Суриядан олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида маълум қилишган, бироқ Москва ҳали бу маълумотни тасдиқлаганича йўқ.
Аввалроқ Россия ҳарбий техникасининг катта карвони Латакиядан Тартус тарафга қараб йўлга чиққани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Тадқиқотчилар сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилишиб, Тартусдаги базага юк машиналари ва БТРлар келганини аниқлашган. Айни пайтда тасвирларда ҳарбийлар ҳам, транспорт кемалари ҳам кўринмайди.
Бундан ташқари, Россия сўнгги кунларда Дамашқ яқинидаги ҳудудлардан Латакиядаги Хмеймим ҳаво базасига камида 400 нафар ҳарбийни йўллагани ҳақида хабар қилинган эди.
Кремль сўзчиси Дмитрий Песков куни кеча Сурияда Россия базаларининг ҳозирлиги масаласига ҳозирча аниқлик киритилмагани ва у янги расмийлар билан мулоқот йўли билан ҳал қилинишини билдирган.
Аксилҳукумат кучлари томонидан Дамашқ эгаллаб олингани ортидан бир ҳафта ўтар-ўтмас россиялик ҳарбийларнинг кўчирилиши Россия қўшинлари Суриядан олиб чиқиб кетилиши мумкинлигига оид тахминлар урчишига сабаб бўлган.
Ўз навбатида, CNN телеканали манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда Россия кемалари Тартусдан Ливияга йўл олгани ҳақида хабар қилди. Телеканал суҳбатдошларига кўра, айни пайтда Россия Бенғози портидан база тақдим этиш талаби билан мамлакатнинг катта қисмини назорат қилаётган маршал Халифа Хафтарга кучли босим ўтказмоқда.