Сурияда Исроилнинг муҳтамал зарбаларидан 16 киши қурбон бўлди

Сурия ғарбидаги қатор объектларга 9 сентябрга ўтар кечаси берилган зарбалар оқибатида камида 16 киши қурбон бўлган, ўнлаб одам яраланган. Бу ҳақда хабар қилган Сурия давлат оммавий ахборот воситалари ҳужумда Исроилни айблаб чиқишди. Исроил ҳарбийлари бундай пайтларда одатан изоҳдан тийилишади.

Суриянинг давлатга қарашли SANA агентлиги армиядаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, Исроил қатор ҳарбий объектларга зарба берганини иддао қилган. Reuters агентлиги эса минтақадаги қатор мамлакатлар разведкаларидаги манбаларга таяниб, зарбага кимёвий қурол муаммолари билан ҳам шуғулланувчи Масяфдаги ҳарбий илмий-тадқиқот институти нишон бўлганини иддао қилмоқда. Шунингдек, эронлик ҳарбий экспертлар томонидан фойдаланиб келинган объектларга зарба берилгани айтилмоқда.

Қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг маркази “эронпараст гуруҳлар ва қурол ишлаб чиқариш бўйича экспертлар бўлган Масяфдаги илмий-тадқиқот марказлари жойлашган ҳудудда” 13 та қаттиқ портлашлар бўлгани ҳақида маълумот тарқатган.

Бироқ Дамашқ ва Теҳрондагилар гап кимёвий қурол билан боғлиқ институт ҳақида кетаётганини инкор қилган, Эрон ТИВ вакили Носир Канъоний эса Сурия ҳудудига зарбалар берилганини тасдиқлар экан, зарбага нишон бўлган объектнинг Эронга алоқаси йўқлигини билдирган.

Исроил вақти-вақти билан Суриядаги ҳадафларни, айниқса эронпараст гуруҳларга алоқадор объектларни нишонга олиб келади, улар эса ўз навбатида Исроилнинг шимолий ҳудудларини ўққа тутиб туришади.

Жорий йилнинг 1 апрелида Исроил Эроннинг Дамашқдаги консуллиги биносига зарба берган, бунинг натижасида эронлик юқори лавозимли зобитлар ҳалок бўлган эди. Апрель ойи ўрталарида Эрон Исроил ҳудуди бўйлаб мисли кўрилмаган зарбалар бериб, буни қасос амалиёти деб атаган эди. Ўша ҳужумда Эрон томонидан отилган ракета ва учирилган дронларнинг аксарияти уриб туширилган, ҳодиса чоғида ҳеч ким ҳалок бўлмаганди.