Сурияда ҳукуматга қарши кечаётган қуролли ҳаракатларда иштирок этаётган Ўзбекистон фуқароси Давлат Тиллабердиев қидирувга берилди. Бу ҳақда Qalampir.uz нашри Ички ишлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Д. Тиллабердиев 1995 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу шахс Туркияда халқаро террористик ташкилот таъсирига тушгани, 2019 йилнинг сентябрь ойида айланма йўллар орқали Сурияга кетгани аниқланган.
Ҳуқуқ идоралари қайдича, ўша йили Тиллабердиев мазкур давлат ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг Ҳавон ҳарбий базасида махсус тайёргарликдан ўтиб, Дамашқ ҳукуматига қарши қуролли ҳаракатларда иштирок эта бошлаган.
Мазкур шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш), 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ҳамда 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айбланмоқда.
Ўтган ҳафта Сурияда Туркия билан алоқаси борлиги айтиладиган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” террор гуруҳи ва бошқалар дохил исломий гуруҳлар президент Башар Асад назорати остидаги Сурия армияси ва унга иттифоқдош бўлган эронпараст гуруҳларнинг Ҳалаб шаҳри ғарбидаги позицияларига кенг кўламли ҳужум бошлаган.
Қуролли тўқнашувлар чоғида жиҳодчилар ҳукумат армиясининг стратегик жиҳатдан муҳим нуқталари ва аҳоли пунктларини эгаллаб олишган. Ҳужумларга жавобан Сурия армияси россиялик ҳарбийлар билан биргаликда қуролли гуруҳлар позицияларига зарба бериш учун авиацияни ишга солган.
Содир бўлаётган воқеалар сўнгги йилларда Сурияда кузатилаётган фуқаролар урушининг энг йирик эскалациясига айланиши мумкин.