Ўтган ҳафта сўнгида "Меҳр-5" операцияси доирасида Суриядаги “Ал-Хол” лагеридан 93 киши, жумладан 24 нафар аёл ва 69 нафар бола Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрлар хориждаги ўзбекистонликларни олиб келиш бўйича бешинчи бўлган бу амалиёт АҚШ ва бошқа ҳамкор мамлакатлар кўмагида амалга оширилганини қайд этганлар.
Тошкентга қайтарилган бу аёллар ва болалар “Ал-Хол”да уч йилдан бери тутиб турилгани, болалардан етти нафари на отаси, на онаси бўлган чин етим экани, аёлларнинг эса террор гуруҳларига қўшилган эрлари Суриядаги жангларда ҳалок бўлгани айтилмоқда. Уларнинг Тошкент вилоятидаги "Бўстон" санаторийсига жойлаштирилиши, у ерда келганларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши ҳамда ҳужжатлари тиклаб берилиши билдирилган.
Жорий йил январида БМТ асосан аёллар ва болалардан иборат 60 мингдан зиёд қочқин яшаётган Суриядаги “Ал-Хол” лагерида зўравонлик кўлами кенгайганидан чуқур ташвиш изҳор қилганди. Уларнинг ибтидоий шарт-шароитда яшаётгани, совуқ ва очликдан азоб чекаётгани билдирилганди. Сўнгги пайтларда лагерда одам ўлдириш ҳолатлари кўпайган, дея қайд этилганди БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси хабарномасида.
Ўзбекистонда 2019 йилдан бери амалга ошириб келинаётган “Меҳр-1, 2, 3 ва 4” амалиётлари чоғида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 438 нафар аёл ва бола олиб келинганди.
Хусусан, ўзбекистонлик илк гуруҳ - 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йилнинг 30 майида махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинган.
2019 йилнинг октябрида “Меҳр-2” амалиёти доирасида ота-онасиз қолган 39 ўғил бола ва 25 қиз Суриядан қайтарилганди.
2020 йилнинг 8 декабрида “Меҳр-3” операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар кечаётган ҳудудларидан 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола ватанга қайтарилган.
Жорий йил март ойида эса 2 март куни “Меҳр-4” амалиёти доирасида Афғонистондан 24 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб чиқилган.