Суриядаги жангариларга пул юборишда айбланган андижонлик қамалди

Иллюстратив сурат

Андижон шаҳридаги парҳез таомлар ошхонаси ошпази З.М. диний экстремизм ва терроризмга алоқадор жиноятларда айбдор деб топилиб 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

ЎзА ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, З.М. телефон аппарати ёрдамида “Instagram”, “Телеграм”, “WhatsApp” тармоқларида профиллар очиб, улар орқали диний-экстремистик ташкилотларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” тўғрисидаги материалларини томоша қилган.

Шунингдек, у Сурия Араб Республикасидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ҳамда “Ғуроба катибаси” террористик ташкилотлари сафида бўлган уч андижонлик билан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирида Сурияга кетишни мақсад қилган. Лекин оилавий муаммолар сабабли режасини амалга оширолмаган.

Айблов хулосасига кўра, фуқаро З.М. 2023 йилнинг август-декабрь ойлари давомида Суриядаги фуқароларнинг оила-аъзолари ва танишлари йиғиб берган жами 7150 доллар ҳамда 41,2 миллион сўм пулни криптовалюта билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳисоб рақамига ўтказиш орқали уларга етказиб берган.

Маълум бўлишича, Суриядаги уч андижонликдан бири қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлган.

Ўтган ҳафта Суриядаги урушда қатнашиб, ижтимоий тармоқларда “Абу Валид” тахаллуси билан видеотасвирлар жойлаб бораётган ўзбекистонлик Худоёр Нуриддиновга нисбатан қидирув эълон қилинганди. Ўзбекистон ИИВ мазкур шахс юритаётган саҳифалар мамлакат ҳудудида тақиқлангани, уларни сақлаш, олиб юриш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирган.

Аввалроқ ҳуқуқ идоралари Суриядаги қуролли ҳаракатларда иштирок этаётган бошқа бир Ўзбекистон фуқароси − Давлат Тиллабердиевга нисбатан терроризм бўйича жиноят иши очилганини билдирганди.

Озодлик яқинда ўн уч йиллик фуқаролар уруши даврида Сурияда жанг қилган ўзбек жангариларини эндиликда нима кутаётгани хусусида таҳлилий мақола чоп этганди.