Суриядаги воқеаларни ёритаётган ўзбекистонлик қидирувга берилди

Ўзбекистонда қидирувга берилган Худоёр Нуриддинов (видеодан скриншот)

Айни вақтда Суриядаги урушда қатнашиб, ижтимоий тармоқларда “Абу Валид” тахаллуси билан видеотасвирлар жойлаб бораётган ўзбекистонлик Худоёр Нуриддиновга нисбатан қидирув эълон қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Х. Нуриддинов 2016 йилда Россияга меҳнат муҳожири сифатида бориб, у ерда халқаро террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб, Суриянинг Идлиб шаҳрига кетган. У ердан туриб олиб борган тарғибот ишлари оқибатида бир қанча юртдошларимиз жангларда иштирок этиб ҳалок бўлган. Айни вақтда Х. Нуриддинов ижтимоий тармоқлар ва YouTube видеохостинги орқали ўзининг жиноий қилмишларига диний тус бериб, жиҳодга чорловларни давом эттирмоқда”, дейилган ИИВ хабарномасида.

1994 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган мазкур фуқарога нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш ёки ҳаракатланиш), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш) ва 244-2-моддаси (тақиқланган ташкилотлар тузиш ҳамда уларга раҳбарлик қилиш, иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ у юритаётган саҳифалар Ўзбекистон ҳудудида тақиқлангани, уларни сақлаш, олиб юриш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирган.

Ўтган ҳафта ҳуқуқ идоралари Суриядаги қуролли ҳаракатларда иштирок этаётган бошқа бир Ўзбекистон фуқароси Давлат Тиллабердиевга нисбатан терроризм ва экстремизм бўйича жиноят иши очилганини билдирганди.